“Нега мени Фотима-Зуҳра қилиб туғмагансиз?” — Шаҳзода Муҳаммедованинг онаси қизининг гапларини эслади

“Нега мени Фотима-Зуҳра қилиб туғмагансиз?” — Шаҳзода Муҳаммедованинг онаси қизининг гапларини эслади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедованинг онаси Гулмира Муҳаммедова қизи бир пайтлар кўп касбларга улгура олмаганидан норози бўлиб, «Нега мени Фотима-Зуҳра қилиб туғмагансиз?» дея ҳазил аралаш онасидан сўраганини эслади.
  • Гулмира Муҳаммедова қизи йўқлигида унинг ўрнига халқаро мода намойишларида дизайнер, раҳбар ва модел сифатида қатнашган, шунингдек, журналистларга интервю берган.

Актриса ва дизайнер Шаҳзода Муҳаммедованинг онаси Гулмира Муҳаммедова «Хоп бўлади» подкастида қизининг фаолияти билан боғлиқ қизиқ воқеаларни эслади.

Гулмира Муҳаммедованинг айтишича, Шаҳзода бир пайтлар бир нечта касбни бир вақтнинг ўзида олиб бориш қийинлигини айтиб, онасидан «Нега мени Фотима-Зуҳра қилиб туғмагансиз?» дея ҳазил аралаш норози бўлган.

«Шаҳзоданинг касби шунчалик кўп эдики, у нуқул мендан норози бўларди. “Нега мени Фотима-Зуҳра қилиб туғмагансиз? Шунча касбим кўплигидан ҳаммасига улгура олмаяпман”, дерди.

Фотима суратга олишга кетса, Зуҳра ательеда мижоз қабул қиларди. Ёки безакларини қилиб, расмини чизиб, янги модалар яратиб, тикарди. Ёки журналистга бориб, Зуҳра интервю бериб турса, Фотима бошқа ишларни қилиб турарди. Қайси бирига улгуришни билмайман», — деганда мен унга битта гапни айтганман.

“Шукр қил, сен Фотима ва Зуҳра бўлиб туғилмаган бўлсанг ҳам, сенда учта қизнинг кучи бор. Мен эса сенга Фотима-Зуҳра бўлиб ёнингда юрибман-ку”, деганман», — дея эслайди Гулмира Муҳаммедова.

Унинг сўзларига кўра, Шаҳзода Самарқандга тўй хизматига ёки бошловчиликка кетган пайтларда ўзи ҳам қизининг ишларини бажариб турган. Жумладан, халқаро мода намойишларида дизайнер, раҳбар ва модель сифатида қатнашган.

«Шаҳзода Самарқандга тўйга хизматга, бошловчиликка кетарди. Мен эса халқаро мода намойишларида саҳнага чиқардим. Дизайнер бўлиб ҳам, раҳбар бўлиб ҳам, модель бўлиб ҳам қатнашардим. Гўё иккига бўлиниб олгандик», — дейди у.

Гулмира Муҳаммедова Шаҳзоданинг ишларини яхши билгани сабабли, қизи йўқ пайтларда унинг ўрнига журналистларга интервью берганини ҳам айтди.

«Шаҳзода ательесида нозик мижозларини чақириб қўйган бўлса, журналистга интервью беришга унинг ўрнига мен борардим. Шаҳзоданинг продюсери, администратори, раҳбари ва онаси сифатида барча ишларини олиб борганман. Унинг иши, соҳаси ва нималар ҳақида гапириши кераклигини яхши билардим. Шу сабабли унинг ўрнига интервюга мен борардим. Баъзан журналистларнинг ўзлари ҳам келишарди, Шаҳзода ишхонада бўлмаган пайтларда интервьюни мен берардим», — дея гапириб берди Гулмира Муҳаммедова.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар