21:28 / 11.06.2022
3 247

“Сен яқинда ўласан” — Тунги рейд вақтида йигит-қиз жуфтлиги ва ППХ ходимлари ўртасида низо чиқди

“Сен яқинда ўласан” — Тунги рейд вақтида йигит-қиз жуфтлиги ва ППХ ходимлари ўртасида низо чиқди
Тошкентда йигит ва қиз ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганини айтмоқда. ИИВ ҳодисанинг ИИБ ходимлари томонидан тасвирга олинган видеосини эълон қилди. Бўлимга олиб борилган қизнинг ёнидан қандайдир таблеткалар ва пичоқ чиққан.

Telegram'даги Nemolchi.uz канали Тошкентда йигит ва қиз ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар тарқатди. Ҳодиса 8 июнга ўтар кечаси рўй берган.

Жабрланувчилардан бири эканини айтаётган Эллона Фирсова Gazeta.uz'га берган интервюсида тушунтиришича, ишдан қайтганидан кейин таниши Александр Соленко билан кечки сайрга чиққан вақтида ППХ ходимлари томонидан тўхтатилган.

Биринчидан, улар ўзларини таништиришмади. Улар мендан қаерда яшашимиз ва бошқа маълумотларни сўрай бошлашди. Қаерда яшашимизни айтдик. Ҳужжатларимизни кўрсатдик. Ёнимизда ҳеч қандай тақиқланган нарса йўқлигини кўрсатиш учун барча чўнтакларимизни кўрсатдик. Спиртли ичимлик таъсирида эмасдик. Тамаки чекмадик, ўзимизни муносиб тутдик”, дейди Эллона Фирсова.

Қизнинг айтишича, ходимлар жуфтликка ўзлари билан бирга ички ишлар бўлимига боришларини сўрашган, бироқ у бундан бош тортган. Шундан сўнг қиз ўзига куч ишлатилгани, ходимлардан бири хавфли жиноятчиларни ушлаб олгандек, унинг қўлларини бурай бошлагани, буни кўрган йигити ёрдамга ошиққани, натижада икки ўртада низо келиб чиққанини таъкидламоқда.

Ходимлар Александрнинг қўлига кишан тақиб, бўлимга олиб кетишаётганда Эллона унинг телефонида жараённи тасвирга тушира бошлагани, буни кўрган ходимлар телефонини тортиб олишганини айтади. Қизнинг сўзларига кўра, Мирзо Улуғбек тумани ИИБга олиб боришгач, уларни суратга олишган ва рўй берган ҳолат расмийлаштирилган.

Шундан сўнг йигит ва қиз машинада номаълум жойга олиб кетилгани, қиз бундан бош тортгани учун ходимлардан бири унинг юзига мушт туширганини айтмоқда. Эллона Фирсова ходимлар йигитини машинадан судраб олиб тушиб калтаклашгани, у ердан қочиб қутулмоқчи бўлганда ўзини ҳам аёвсиз уришганини иддао қиляпти.

Воқеадан кейин йигит ва қиз шифохонага боришган. Уларнинг айтишича, Фирсовага бурун суягининг силжишсиз синиши, бурун кўприги контузияси, қорин олд девори юмшоқ тўқималарининг контузияси ташхиси қўйилган; Соленкода бош мия чайқалиши, юзида, елкасида, билагида ва кўкрагида контузия жароҳатлари қайд этилган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ҳодиса юзасидан изоҳ бериб, Эллона Фирсованинг иддаоларини рад этди. Унинг айтишича, қиз ва унинг йигити “бошиданоқ ўзларини ноўрин тутган”, ходимларга фаол қаршилик кўрсатишган.

8 июн куни кеч соат 02:30 да пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ички ишлар органлари ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларини жойлаштиришга алоқадорликда гумон қилиниб, профилактика назоратини бузган фуқароларнинг шахсини аниқлаш зарурати туғилган. Фуқаролар бошиданоқ ўзини ноўрин тутган, ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатган”, дейилади расмий ахборотда.

Шоҳрух Ғиёсов айрим нашрлар воқеани бирёқлама талқин қилаётгани, натижада интернетда миллатчилик руҳидаги мулоҳазалар тарқалаётгани билдирган.

Айрим оммавий ахборот воситалари томонидан воқеаларнинг бирёқлама талқин қилиниши, шунингдек, мақолаларда ёшларнинг саргузаштлари “ранг-баранг” тасвирлангани сабабли ижтимоий тармоқларда турли миллатчилик руҳидаги баёнот ва мулоҳазалар тарқала бошлади.

Эслатиб ўтамиз, бу алоҳида жамоатчилик вакиллари томонидан миллий адоватни сунъий равишда қўзғатишга уринишга оид биринчи ҳолат эмас. Биз мазкур салбий тенденцияни кузатиб бормоқдамиз ва айрим салбий фикрдаги фуқароларнинг миллатчилик туйғуларини қўзғатиб, жамоатчиликка босим ўтказишига йўл қўймаслигимизни маълум қиламиз.

Тергов ушбу фуқаролар тасвирланган тан жароҳатларини қаерда ва қандай шароитда олган бўлиши мумкинлигини ҳозирча аниқламаган. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ фаолларидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини кутишларини сўраймиз
”, дейди Шоҳрух Ғиёсов.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби эълон қилган видеода йигит ва қиз ходимларнинг талабига бўйсунмагани, уларни ҳақорат қилгани ва фаол қаршилик кўрсатгани кўринади.

Жуфтлик ички ишлар биносига олиб борилганда, қизнинг ёнидан таблеткалар ва пичоқ чиққани ҳам видеода акс этган. Вазирлик баёнотида бу таблеткаларнинг номи ёки турига аниқлик киритилмаган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов мазкур ҳолатда икки фуқаронинг ички ишлар органи ходимлари қонуний талабига муносабатини қоралади. Видеода ҳибсга олинган Соленко машинада ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани, улардан бирига “сен яқинда ўласан” дегани эшитилади.

Алламжоновнинг таъкидлашича, жамият бундай ҳолатга бефарқ бўлмаслиги керак.

Чет элда кўп бўламиз. У ердаги полиция савол берса, ушбу видеодагидек жавоб қайтариб кўрсангиз, унинг қўли дарров пистолет томон боришни бошлайди. Бизда ҳам қонунбузарларга, ана шундай ўзидан кетган фуқароларга жазо қаттиқ бўлиши керак.

Албатта, милиция ходимлари орасида ҳам хатолар бўлади. Лекин тинчлик, хавфсизлик, кўчада оиламиз бемалол юриши учун ҳам биз уларни қўллашимиз, уларни талабларини бажаришимиз шарт. Акс ҳолда давлатчилик ўз изидан чиқиб кетади. Ва алал оқибат, бундан фақат ўзимиз ютқазамиз.

Журналистларни, блогерларни бирон хулоса беришдан аввал ҳолатни яхшилаб ўрганиб, кейин чоп этишга чақириб қоламан. Ички ишлар вазирлигидан эса ушбу ҳолатга қонуний баҳо беришларини, айбдорларни қаттиқ жазолашларини сўраб қоламан
”, деди Алламжонов.

Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонуннинг 17-моддасига кўра, ички ишлар ходимлари хизмат мажбуриятларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда эса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш ҳуқуқига эга.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Сен яқинда ўласан” — Тунги рейд вақтида йигит-қиз жуфтлиги ва ППХ ходимлари ўртасида низо чиқди