3 958
Нукусдаги намойиш иштирокчилари: «Оломонга билмай қўшилиб қолдим», «Қизиқиб қўшилгандим, пушаймонман»
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида 2022 йилнинг 1 июль куни соат тахминан 15:00 ларда бошланган тўполон кўп ўтмай марказий деҳқон бозори ёнидаги намойишга айланди. Шаҳар кўчалари намойишида минглаб оломон тўпланди. Шундан сўнг жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан тартиббузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилди.
Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга борди ва Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда президент Конституциянинг Қорақалпоғистонга тегишли моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. 3 июль куни Шавкат Мирзиёев яна Нукусга бориб, видеоселектор ўтказди. Давлат раҳбарининг мурожаатидан кейин вазият барқарорлашгани, ҳаёт ўз маромига қайтаётгани маълум қилинди. Бош прокуратура «Мени Қорақалпоққа бош қилиб, изимдан юришингизни сўрайман», дея халқни митингга чорлаган блогер ва бошқаларни Конституциявий тузумга тажовузда айблади.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган намойиш иштирокчилари ноқонуний митингга билмай қўшилиб қолганини, айни кунда қилган ишидан пушаймон эканини айтмоқда.
«Ноқонуний намойишга билмасдан қўшилиб қолдим»
Ш.Ж.
Фото: «Дарё»
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Ш.Ж. ноқонуний намойишга ўзи билмаган ҳолда қўшилганини, айни пайтда пушаймонлигини айтмоқда.
«Асли Кегейлиданман. Ўша куни Нукусга гилам дўконига ишга кириш учун келгандим. Деҳқон бозори олдида юз берган ноқонуний намойишга билмасдан қўшилиб қолдим. Бозорга ‘маршрутка‘да уйга қайтиш учун боргандим. Одамлар тўпланиб, ‘юринг-юрин‘ деб бир-бирини тортиб кетишди. Оломондагиларнинг ҳеч бирини танимайман. Ноқонуний намойиш эканлигини билгач, йиғилганлардан ажрала бошладим. Тошкент меҳмонхонаси қаршида мени қўлга олишди. Тенгқурларимга, укаларим ва сингилларимга бундай қилишни тавсия қилмайман. Икки миллат ўртасидаги норозичилик ҳеч кимга керак эмас. Биз икки туғишган халқмиз. Бундай нарсаларга аралашишни ҳеч кимга маслаҳат бермайман», — дейди Ш.Ж.
«Адашдим, пешонам тошга тегди»
А.К.
Фото: «Дарё»
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни ўқиб, ‘митинг бўлади’, деган гап-сўзлар ортидан нима бўлар экан деб, қизиқиб, қўшилдим. Ўша куни ишдан қайтаётгандим. Нукус халқаро аэропорти қаршисида намойишчилар бор экан. Мен ҳам уларга қўшилдим. Вақт ўтгани сайин одамлар кўпайиб борди. Аввалига икки киши, кейин тўрт, сўнгра олти ва шундай давом этди. Бу даражагача етиб боради деб ўйламагандим. Кейин билсам бу ноқонуний намойиш экан. Ичи қора одамларнинг иши экан. Бундай ишларга аралашмаслик керак экан. Фарзандларим, оилам кўз олдимга келди. Уларни соғиндим. Ўзбек, қорақалпоқ деб миллат айирмай, бир ёқадан бош чиқариб яшашимиз керак экан.
Ёвуз кучларнинг мақсади ташқаридан келиб халқнинг ичида келишмовчилик келтириб чиқаришдан иборат экан. Уларда халқнинг бошини бир қилайлик деган мақсад бўлмайди. Тинчликни сақлаш ҳар бир фуқаронинг вазифаси. Бир марта адашдик. Пешонамиз тошга тегди. Қилган ишларимдан пушаймонман. Халқимиздан, қариндош уруғимиздан, президентимиздан кечирим сўрайман», — дейди А.К.
«Қилган ишимдан пушаймонман, халқимиздан кечирим сўрайман»
Р.Т.
Фото: «Дарё»
«Кегейли туманида туғилганман. Ҳозирда Нукусда яшайман. 2 июль куни опамнинг уйига пул олиш учун чиққандим. Чойхонанинг қаршисида намойишга билмай қўшилиб қолдим. Нукус халқаро аэропорти ёнида мени қўлга олишди. Аслида намойишчиларга ўзим билмаган ҳолда қўшилгандим. Икки соат улар билан юргач, улардан ажралдим. Аммо барибир аэропорт ёнида ушлашди. Қилган ишимдан пушаймонман. Халқимиздан кечирим сўрайман. Бундан буён бу йўлга кирмасликка ваъда бераман», — дейди Р.Т.
«Ҳозир ўзимиздан уяляпмиз, халқимиздан, президентимиздан кечирим сўраймиз»
А.Ҳ.
Фото: «Дарё»
«Чимбой туманида туғилганман. Ҳозирда Нукусда яшайман. Ишдан қайтиб, бозорга бордим. Бозордан чиқишда одамлар бақираётганига гувоҳ бўлдим. Велосипедни чеккага қўйиб, нима бўлган экан деб уларнинг ёнига бордим. Оммани таъсири билан оломонга қўшилиб кетдим. Ўшанда тўпланганлар ‘Давлет (Даулетмурат Тажимуратов)ни қўйиб юбор’, деб бақираётганди. Мен ҳам улар билмай қўшилиб қолдим. Ҳозир ўзимиздан уяляпмиз, пушаймонмиз.
Мени 2 июль куни ишлаётган жойимдан олиб кетишди. Бир кун олдинги воқеаларни телефонимга тасвирга олгандим. Ҳозир шунга пушаймон бўляпмиз. Халқимиздан, президентимиздан кечирим сўраймиз. Қилган ишимиз нотўғрилигини тушундим», — дейди А.Ҳ. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди