15:51 / 11.07.2023
204

Болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ёки тўлаш тартиби қандай?

Болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ёки тўлаш тартиби қандай?

Пенсия жамғармаси фуқароларнинг болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдам олиш бўйича йўллаган саволларига жавоб бериб келмоқда. “Дарё” мазкур савол-жавобларни бир жойга жамлади.

Бола пулини олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдам олиш учун ариза ва ҳужжатлар фуқаронинг доимий ёки вақтинча яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига (МФЙ) тақдим этилади. Ариза МФЙ томонидан махсус рўйхатга олиш дафтарида қайд этилади. Бунда аризанинг берилган санаси, ариза берувчининг исм-шарифи, отасининг исми ва яшаш манзили кўрсатилади.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашда оиланинг ҳар бир меҳнатга лаёқатли ёшдаги аъзосини расмий даромад манбаларига эгалигини аниқлаштириш талаб қилинади. Белгиланган мезонлар асосида оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёхуд тайинлашни рад этиш “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Ариза билан мурожаат қилингач, бола пули қачондан тайинланади?

Кам таъминланган деб эътироф этилган оилага ҳар ойнинг 16-санасига қадар болалар нафақаси ёки моддий ёрдам учун белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўланади.

Кам таъминланган деб эътироф этилган оилага туман (шаҳар) маҳаллий бюджетида назарда тутилган маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, унга болали оилаларга нафақа автоматик равишда кейинги ойда қайта кўриб чиқиш учун ўтказилади. Бироқ, ариза берилган ойдан уч ой ўтгандан сўнг ариза берувчи қайтадан ариза бериш йўли билан нафақа олиш истагини тасдиқлаши шарт.

Ўтган даврда олинмаган болалар нафақаси ёки моддий ёрдам қай тартибда тўланади?

Бир ой илгари олинмаган болалар нафақаси ёки моддий ёрдам пули жорий ойда тўлов рўйхатларига киритилади. Кейин тайинланган ва ўз вақтида олинмаган пуллар ўтган даврларда ҳисобланган миқдорларда бутун давр учун нафақа ёки моддий ёрдамни олиш муддати тугаганидан сўнг уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда бир йўла тўланади.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўлов ойининг 4-санасидан 27-санасига қадар тўланади.

Бола пули нақд шаклда тўланадими ёки пластик карталар орқалими?

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам АТ “Халқ банки”нинг туман (шаҳар) бўлимлари (филиаллари) орқали нақд пул шаклида ёки пул маблағларини нақд пулсиз ўтказиш йўли билан фуқароларнинг банк ҳисобварақлари (пластик карталари) орқали тўланади.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси тўловларининг ҳар ойлик миқдори қуйидагича белгиланган:

  • 250 000 сўм — 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанд учун;
  • 325 000 сўм — ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанд учун;
  • 150 000 сўм — оиланинг иккинчи фарзанд учун қўшимча;
  • 100 000 сўмдан — оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун.

Болалар нафақаси тайинланган оилада болалар сони ўзгарган тақдирда нафақа қайта ҳисобланадими?

Болалар нафақаси тайинланган оилада болалар сони ўзгарган тақдирда (навбатдаги бола туғилганда, 18 ёшгача болалардан бири вафот этганда, бола (болалар) 18 ёшга тўлганда ва шу кабилар), нафақа миқдори болаларнинг тегишли сонидан келиб чиқиб, кейинги ойдан бошлаб қайта ҳисобланади.

Бола пули олишни давом эттиришга муҳтож бўлган шахс тўловни давом эттириш учун қанча муддатда қайта ариза билан мурожаат қилиши мумкин?

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўлашнинг белгиланган муддати тугагач, ариза берувчи ушбу болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўланишини янги муддатга давом эттириш учун ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун ариза олдинги даврда тайинланган ушбу нафақани ёки моддий ёрдамни тўлаш муддати тугаётган ойдан кейинги ойда берилади.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи вафот этган тақдирда тўлов қандай амалга оширилади?

Ариза берган шахс вафот этган тақдирда, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам оиланинг муомалага лаёқатли аъзосига ёки қонуний вакилига тўланади. Бунда оиланинг муомалага лаёқатли аъзоси ёки қонуний вакили тегишли аризани ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, мавжуд бўлганда — васийлик ёки ҳомийликни тайинлаш тўғрисидаги қарор нусхасини АТ “Халқ банки”нинг тегишли филиалига тақдим этиши орқали тайинланган болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олиши мумкин.

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тўлови қандай ҳолларда тўхтатилади?

Болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

  • қонун ҳужжатлари билан белгиланган тайинлаш муддати тугаганда;
  • ариза берувчи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига тўлов тўхтатилишини сўраб ариза тақдим қилинганда;
  • доимий яшаш учун Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига кўчиб кетганда;
  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги ёки манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари билан идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизимидаги техник носозлик натижасида, маълумотлар электрон равишда тўлиқ ёки қисман тақдим этилмагани сабабли, шунингдек, аризани киритишда ва бошқа техник хатолар оқибатида нотўғри тайинлангани аниқланган тақдирда. Ушбу ҳолатда ўтган даврда тўланган маблағлар қайтарилмайди;
  • тегишли тўловларни тайинлаш тўғрисидаги қарорга таъсир кўрсатган ариза берувчи томонидан нотўғри ва ишончсиз маълумотлар тақдим этилгани ёки тўлиқ тақдим этилмагани аниқланганда.

Шунингдек, ортиқча тўловлар аниқланганда ҳам бола пули бериш вақтинча тўхтатилади. Бунда тўловлар кам таъминланган оилага келгуси ойларда тўланиши лозим бўлган болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам ва компенсация учун маблағлар ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилингандан сўнг қайта тўловлар амалга оширилади.

Бола пули тайинлаш қай ҳолларда рад этилади?

Ҳукуматнинг 2021 йил 21-октябрдаги қарори билан тасдиқланган низомда оилада расмий даромад манбаларига эга бўлмаган, охирги 6 ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган, меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлган ҳолларда болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад қилинади. Низомнинг ушбу талаби бола 3 ёшга тўлгунича парвариш қилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга), расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга нисбатан қўлланилмайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ёки тўлаш тартиби қандай?
ePN