Кеча, 5 август куни Қашқадарё вилоятида тожикистонлик ҳайдовчилар бошқарувида бўлган «DAF» русумли юк машинаси дарёга тушиб кетди. Бу ҳақда Қашқадарё ФВБ Ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 5 август куни соат тахминан 17:40 ларда Ғузор тумани «Оби-ҳаёт» МФЙ Пачкамар қишлоғи ҳудудидан ўтувчи «Термез-Тошкент» М-39 автомобиль йўлининг 1249 километрида «DAF» русумли юк машинаси эҳтиётсизлиги оқибатида бошқарувни йўқотиб, «Ғузор дарёсига» тушиб кетган.
Натижада 2 нафар Тожикистон Республикаси фуқаролари турли даражадаги тан жароҳати олиб, юк машинасида қисилиб қолган.
Келиб тушган хабарга кўра, Ғузор туман ФВБ дан қутқарув экипажи воқеа жойига соат 17:55 ларда етиб борган. Қутқатувчиларнинг саъй ҳаракатлари ва маҳаллий фуқароларнинг кўмагида 2 нафар фуқаро қутқариб олиниб, туман Тиббиёт бирлашмасига юборилди. Ҳозирда фуқаролар шифокорлар назоратида.
Ҳозирда ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг