date
views 211

Тошкентда уй-жой нархи қимматлашишда давом этадими?

Тошкентда уй-жой нархи қимматлашишда давом этадими?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Тошкент шаҳридаги уй-жой ижара нархларининг даромадлилик даражасини таҳлил қилди.

Уй-жойга киритиладиган инвестициядан олинадиган даромад икки қисмга бўлинади, яъни уй-жой нархининг ошиши (тушиши) келтирадиган фойда (зарар) ва уй-жойни ижарага беришдан олинадиган даромад.

Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, 2023 йилнинг август ойида уй-жой ўртача нархининг йиллик энг юқори ўсиши Юнусобод (37,1 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (35,7 фоиз) туманларида қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш Сергели (27,8 фоиз) ва Олмазор (24,4 фоиз) туманларида кузатилган.

Бундан ташқари, кўчмас мулк эгаларининг уйларини ижарага беришидан (уй қийматига нисбатан) олинадиган даромад бўйича, Мирзо Улуғбек (12 фоиз) ва Чилонзор (10,6 фоиз) туманларида энг юқори даромад олинаётган бўлса, нисбатан пастроқ даромад Сергели (8,5 фоиз) ва Учтепа (8,2 фоиз) туманларида олиняпти.

МҲТИ мутахассисларининг таъкидлашича, агар 2023 йилнинг сентябрь ойида Global Property Guide нашри томонидан 58 та давлат учун эълон қилинган уй-жойни ижарага беришдан олинадиган ўртача даромад рейтингига Тошкент шаҳри (10 фоиз) қўшилганида, Грузиядан (12,4 фоиз) кейин 2-ўринни эгаллаган бўларди. Мазкур рейтингда Грузиядан кейинги ўринларни Жанубий Африка Республикаси (9,9 фоиз), Ирландия (8,1 фоиз), Пуэрто-Рико (8,1 фоиз), Латвия (7,8 фоиз), Колумбия (7,7 фоиз), Марокаш (7,6 фоиз), Индонезия (7,6 фоиз) ва Литва (6,7 фоиз) давлатлари эгаллаган.

Туманлар ва уйлар бўйича кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархининг ўзгаришидан олинадиган фойда ва ижара даромадларининг биргаликдаги таъсири баҳоланганда 2 ва 3 хонали турар жойлар инвестицияларнинг даромадлилиги нуқтаи назаридан истиқболли бўлиб чиққан. Бундай уй-жойлар ижарасидан келаётган даромаднинг ўзи ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда.

Худди шу давр мобайнида муддати бир йилдан ортиқ бўлган хорижий валютадаги банк депозитларининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 2022 йилнинг август ойидаги 4,3 фоиздан 2023 йилнинг август ойида 5,5 фоизга ошган.

Уй-жой нархлари ошиб бораётган шароитда ижарадан келаётган даромаднинг жозибадорлиги аҳоли жамғармаларининг кўчмас мулкка йўналтирилишини янада рағбатлантиради. Бу эса уй-жойга бўлган талабни янада ошириб, улар нархининг янада қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда уй-жой нархи қимматлашишда давом этадими?