- Ойижон, мана, мен учинчи авлодман. Асрлар оша каштачилиг-у сўзаначилик билан шуғулланиб келганмиз. Меҳнат қилгансизлар, ҳунарларимизга ҳавасмандлар кўп. Шунинг ортидан даромад топиб келяпмиз. Лекин, нимадир қилишимиз керакки, меҳнатимиз маҳсули дунё юзиниям кўриши керак, - кўзлари ёниб онасидан сўради каштадўз қиз.
- Азалдан ҳам хорижликлар маҳсулотларимизга иштиёқманд, қизим!
- Маҳсулотларимизни дунё бозорига олиб чиқсак, дейман-да, ойижон.
- Хориж давлатларга бориб келишга йўл бўлсин, қизим... Аммо, ану интернет дегани бор-ку, гоҳида кириб турасан, шундан билиб олса бўлмасмикин?
- Ўзимнинг ойижоним, ҳозироқ изланиб кўраман! - ҳунарманд қиз қўлидаги ҳали тайёр бўлмаган сўзанасини тиззаси устидан оҳиста олиб, интернетга сингди.
***
Бухоролик 24 ёшли ҳунарманд қиз Азиза Тожиева онаси, уста ҳунарманд Муҳаббат Қўчқорованинг маслаҳати билан анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотларини савдога чиқариш учун замонавий технологиялардан фойдаланди. Жаҳон янги бозорига йўл топди. Etsy, Instagram ва eBay орқали онлайн савдони йўлга қўйди. Илк савдога каштачиликнинг биринчи авлоди саналган – раҳматли бувиси Саодат Қўчқорова томонидан яратилган ва тикилган энг сўнгги ижод маҳсулотларини чиқарди.
Интернет орқали онлайн савдо бозори яратиб, жаҳон бозорига кўтарила олган ёш ҳунарманд томонидан чиқарилаётган анъанавий ҳунармандчилик маҳсулотлари хорижликларни ҳайратга сола бошлади. АҚШ, Испания, Италия ва Буюк Британиядан мижозлари сафи кенгайди. Буюртмалари ошди.
Шофиркон туманининг чекка, Талижа қишлоғида туриб, сўзана ишлаб чиқаришни қайта жонлантирган ва замонавий технологиялар орқали маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқараётган ёш ҳунарманд қиз ўзи яшаб ўсган қишлоғининг 50 нафардан зиёд аёлини ҳам атрофига тўплади.
- Давлатимизда эксперт географияси кенгайган. Мен онлайн эксперт тизимидан фойдаландим. Оддий қишлоқ аёллари томонидан яратилаётган санъат асарига тенг ҳунармандчилик маҳсулотларимизни интернет орқали жаҳон бозорига олиб чиқишни йўлга қўйдим. Бу жуда кўп хорижий давлатлар вакилларининг қизиқишига сабаб бўлди. Биласизми, хорижликлар бизнинг табиий ва қўл ҳунармандчилик маҳсулотларимизга шу қадар ошуфта бўлишдики, буюртмаларни бажаришга улгуролмай қолдик.
Сўнг оиламиздагилар билан маслаҳатлашиб, уйда ўтирган ва иш билан банд бўлмаган қишлоғимизнинг элликдан ортиқ хотин-қизларини ишга жалб этдик. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизга ҳавасманд бўлиб, қишлоғимизга келиб, меҳнатимизни ўз кўзлари билан кўриб кетишаяпти. Юз фоиз табиий маҳсулотдан тайёрланган ижод маҳсулларимиз дунёнинг нуфузли брендлари билан рақобатлаша олади. Мен каштачилик ҳунармандларининг учинчи авлоди сифатида онлайн тарзда жаҳон бозорига кира олдим. Муҳими, биз, замонавий технологиялардан юксак мақсадларда фойдаланяпмиз, - деди Азиза Тожиева.
Билдирилишича, яқинда ушбу Талижа қишлоғига Ямана униеврситети ҳузуридаги “Тадбиркорлар учун таълим ва тадқиқот” маркази директори Тадаши Онодеро келган ва ёш ҳунарманднинг қўл меҳнати маҳсулотлари билан қизиққан.
- Каштачилик билан шуғулланаётган хонадонга келдик. Маҳсулотларини электрон платформалар орқали хорижга сотаётган бухоролик ёш ҳунарманднинг қўлда яратган мўъжизалари ҳайратимни оширди. Унинг меҳнати қадрини биладиган янада кенгроқ бозорларни, жумладан, Япония, Европа бозорларига ҳам олиб чиқиш йўлларини топишига кўмаклашамиз, - деган Тадаши Онодеро.
Ёш ҳунарманднинг сўзига кўра, мураккаб гобелен буюмларининг нархи юқори. Унинг таъкидлашича, савдонинг ўсиши туфайли оилавий корхона буюртмачилар талабини қондириш учун маҳаллий қишлоқлардан яна тахминан 200 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланади.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар