
Ижтимоий тармоқларда ёш қиз йигити томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 14 апрель куни тахминан соат 11:50 атрофида пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлган. 2003 йилда туғилган С.А. ўзининг таниши, 2006 йилда туғилган А.Ж. билан ўзаро келиб чиққан тортишув натижасида қизга нисбатан куч ишлатиб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур воқеа ортидан жабрланган қиз тиббий ёрдам сўраб шифохонага мурожаат қилган. Ҳозирда унинг соғлиғи ҳолати юзасидан ҳам кўрик ва текширувлар ўтказилмоқда.
Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирги вақтда воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ёшлар ўртасида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, зўравонликка қарши курашиш ва жабрланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратмоқда. Кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам ушбу ҳолат юзасидан жиддий муносабат билдириб, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўрилишини талаб қилишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар