Тошкент чеккасидаги заправкада портлаш: 3 киши жароҳатланди

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган автомобилларга пропан газ тўлдириш шохобчасида кучли портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 3 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда "Солнечний" мавзеси яқинидаги йўлда юз берган кучли портлаш оқибатида атроф бир зумда ёришиб кетгани, орадан кўп ўтмай эса шохобчада ёнғин бошланганини кўриш мумкин. Ҳодиса гувоҳлари портлаш овози узоқ масофадан ҳам эшитилганини айтмоқда.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, 16 июль куни соат 22:46 да М-39 автомобил йўли бўйида жойлашган пропан газ қуйиш шохобчасидаги газ сақлаш сиғими ҳамда газ ташишга мўлжалланган махсус автомобилда чақнаш содир бўлган. Шундан сўнг ёнғин келиб чиққан.
Воқеа жойига зудлик билан ёнғин-қутқарув экипажлари ва тез тиббий ёрдам бригадалари етиб келган. Қутқарувчилар тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин 17 июль куни соат 00:04 да тўлиқ ўчирилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 3 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Улар шифохонага етказилиб, шифокорлар назоратига олинган. Айни пайтда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозирда портлаш ва ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш юзасидан тегишли идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…