Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Россия, Тожикистон ва Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинаётган гиёҳвандлик воситалари ушланиб, ноқонуний айланмаси тўхтатилди.
Узун туманида олиб борилган операция жараёнида 2005 ва 2006-йилларда туғилган икки маҳаллий фуқаро 20 килограмм 374 грамм “опий” ва 41 килограмм 668 грамм “гашиш” моддасини Тожикистондан контрабанда орқали олиб келаётган вақтда ушланган. Бу воқеа натижасида тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг шериклари ҳам аниқланиб, процессуал тартибда ушланган. Шу жумладан, Денов туманида яшовчи ва мазкур жиноятни буюртма қилган шахс ҳам қўлга олинган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи, 1991-йилда туғилган шахснинг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга кираётган юкларида мармар тош ичига яширилган 7 килограмм 902 грамм “Мефедрон” моддасини аниқлашга муваффақ бўлинди. Текширув давомида наркокурьернинг Телеграм бот орқали Россиядан олиб келиши ва Ўзбекистондаги буюртмачига етказиши режалаштирилгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, Бекобод ва Ўрта Чирчиқ туманларида наркосавдогарлар фаолияти аниқланиб, фаолияти тўхтатилди. Қўқон шаҳрида яшовчи 1964-йилда туғилган аёл ва унинг 1993-йилда туғилган ўғли ушланиб, уларнинг қўлидан Афғонистондан контрабанда йўли билан келтирилган жами 9 килограмм 800 грамм гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Россия, Тожикистон ва Афғонистондан олиб келинган жами 79 килограмм 744 грамм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бу амалиёт, мамлакатимиз ҳудудида наркотик моддалар савдосига ва контрабандага қарши курашнинг қанчалик жиддий ва тизимли олиб борилаётганини яна бир бор кўрсатди. Мутахассислар хавфсизлик органларининг бундай тезкор тадбирлари жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!