Самарқанд вилоятида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари яна жамоатчилик эътиборида. Вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати хабарига кўра, маҳаллий йигит 10 кун ичида икки марта дрифт ҳаракатини амалга оширгани учун жазога тортилди.
Маълум бўлишича, ушбу шахсда ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам мавжуд бўлмаган. У аввал дрифт қилиб қоидабузарлик содир этгани учун жавобгарликка тортилган, аммо ўз қилмишидан хулоса чиқармасдан яна шу хатони такрорлаган.
“Хатони англадик, эндиликда қайтармаймиз. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олмасдан машинага ўтирмаймиз”, — дея изоҳ берган қоидабузар йигит.
Шу билан бирга, вилоятда яна бир нечта ҳолат қайд этилган. Хусусан, бир фуқаро Nexia автомобил рақамини ВАЗ-2107 машинасига ўрнатиб, тўй маросимида қоидаларни бузган. Яна бир шахс эса Gentra русумли машинасида никоҳ тўйида дрифт қилиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини таҳдид остига қўйган.
Барча ҳайдовчиларга нисбатан тегишли баённомалар расмийлаштирилган ҳамда уларнинг автомобиллари жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мутахассислар таъкидлашича, йўлдаги ҳар бир қоидабузарлик нафақат ҳайдовчининг ўзини, балки атрофдагилар ҳаётини ҳам хавф остига қўяди. Шу боис жамоатчилик қоидага риоя қилишнинг қанчалик муҳимлигини унутмасликка чақирилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!