Жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида СЭС қўмитаси томонидан мамлакат бўйлаб боғчаларда кенг кўламли текширувлар амалга оширилди. Расмий маълумотларга кўра, шу муддат ичида жами 3554 та боғча қамраб олинган ва ўтказилган назорат ишлари салмоқли камчиликларни кўрсатиб берди.
Текширувлар давомида турли йўналишлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув намуналари олиб таҳлил қилинди. Натижада, 8122 та тайёр овқат намуналарининг 323 таси белгиланган санитария талабларига жавоб бермагани аниқланди. Бу эса болалар учун тайёрланаётган таомларда сифат муаммолари ҳали ҳам мавжудлигини кўрсатади.
Шунингдек, 4461 та ичимлик суви намуналари текширилиб, 237 тасида талаб даражасидаги тозалик таъминланмагани маълум қилинди. Бу ҳолат соғлом турмуш тарзи учун асосий омил бўлган ичимлик суви сифатини таъминлашда қатор камчиликлар сақланаётганини кўрсатади.
Яна бир ташвишли ҳолат — 4986 та овқат намуналаридан 878 таси етарли даражада тўйимсиз экани маълум бўлди. Бу эса болаларнинг соғлом ривожланиши ва уларнинг иммунитетини мустаҳкамлашга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Текширувлар давомида сабзавот маҳсулотларидан ҳам намуна олинган. 12 301 та сабзавотдан 257 тасида нитрат меъёридан юқори эканлиги аниқланди. Бу каби ҳолатлар организмга салбий таъсир кўрсатиши ва турли касалликларни келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидланмоқда.
2321 та туз намуналари орасида эса 718 тасида йод етишмаслиги аниқланган. Бу ҳолат болаларда эндемик касалликлар хавфини ошириши мумкин.
Бундан ташқари, 8 ой ичида 446 нафар ходим тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмагани сабабли ишдан бўшатилган. Чунки болалар соғлиғи билан ишлайдиган ҳар бир ходим тиббий назоратдан мунтазам ўтиши шарт. Шунингдек, санитария талаблари бузилгани учун 110 та боғча вақтинча ёпилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!