Фарғонадаги учта боғчада болалар касалланди: 28 нафари шифохонада даволанмоқда

Фарғонадаги учта боғчада болалар касалланди: 28 нафари шифохонада даволанмоқда

Фарғона шаҳридаги учта мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган болалар турли касаллик аломатлари билан шифохонага мурожаат қилди. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, 2-, 7- ва 47-сонли боғчалар тарбияланувчилари тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлардан шикоят қилган.

2026 йил 26 октябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, 28 нафар бола Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг умумий аҳволи барқарор бўлиб, оғир аҳволдаги беморлар қайд этилмаган.

Шунингдек, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган яна 23 нафар боланинг аҳволи қониқарли деб баҳоланган. Уларга тегишли тиббий тавсиялар берилиб, уй шароитида даволанишга рухсат этилган.

Ҳолат юзасидан ўтказилаётган дастлабки эпидемиологик суриштирув доирасида болалар боғчаларда истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлар ўрганилмоқда. Жумладан, нонушта, тушлик ва кечки тамаддида берилган маҳсулотлар, шунингдек, уларни етказиб берувчилар аниқланган.

Текширув учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлардан бактериологик таҳлил намуналари олинган. Ҳозирда лаборатория текширувлари ва эпидемиологик суриштирув давом этмоқда.

Болаларнинг касалланишига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқланмаган. Ҳодисанинг сабаблари текширув натижалари асосида маълум бўлади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар