
Мажбурий ижро бюроси Чилонзор тумани бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг ижро варақасига асосан, қарздор "E.S.T." МЖЧдан ундирувчи "Ипак йўли" АИТБ фойдасига 1 млрд. 114 млн. 274 минг сўм қарз суммаларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати 27.11.2024 йил келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасига асосан, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда қарздорга қонун талаби асосида қарздорликни қоплаши учун 5 кунлик ихтиёрий муддат берилган.
Қарздор корхона ихтиёрий муддатда банк фойдасига кредит суммаларини қоплаб бермаганидан сўнг, Бюронинг туман бўлими томонидан ҳуқуқий тушунтириш ҳамда огоҳлантиришлар берилган. Орадан ўтган 11 ой вақт мобайнида ҳуқуқий тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқармаган қарздор корхонанинг раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилган.
Шундан сўнг, қарз суммаларининг ундируви гаров мулки бўлган Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Кичик халқа йўли кўчасида жойлашган нотурар бинога қаратилиб, Қонуннинг 56-моддасига асосан хатланган ва мол-мулкни реализация қилиш юзасидан қарор қабул қилинган. Бироқ, ундирув гаров мулкига қаратилганидан сўнг, қарздор корхонадан 1,1 млрд. сўм миқдоридаги қарздорлик тўлиқ ундирилиб, мазкур ижро ҳужжати Қонуннинг 41-моддаси, 1-қисми, 1-бандига асосан амалда тамомланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!