Самарқанд вилоятида одамларни қаттиқ ҳайратга солган воқеа бўйича суд ҳукми чиқди. Паяриқ тумани марказий шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаган К.А. янги туғилган чақалоқни олиб чиқиб, пулга беришга уриниши ортидан жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда суд ҳужжатлари орқали маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 12 апрелида К.А. исмли тиббиёт ходимаси руҳий носоғлом аёлнинг туғруқхонада дунёга келган қизини алдов йўли билан қўлга киритган. Кейинчалик у чақалоқни маҳаллий фуқаро Ф.Б.га пулга беришга уринган. Ҳамшира 5 миллион сўм ва қўшимча 100 АҚШ доллари эвазига чақалоқни топширган. Олинган маблағни эса шахсий эҳтиёжлари учун ишлатгани аниқланган.
Суд жараёнида тергов органлари барча ҳолатларни кўриб чиққан. Чақалоқни сотиш ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” бандига мувофиқ оғир жиноят сифатида баҳоланди. Шу асосда суд К.А.ни айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор чиқарди.
Шу билан бирга, унга яна қўшимча жазо сифатида соғлиқни сақлаш тизимида икки йил мобайнида раҳбарлик ёки молиявий жавобгарликка эга лавозимларда ишлаш ҳуқуқи тақиқланди. Бу орқали бундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги учун профилактика мақсади кўзлангани айтилди.
Суднинг дастлабки ҳукмида айбдорнинг автомобили давлат фойдасига мусодара қилиниши белгиланган эди. Бироқ апелляция инстанцияси бу қисмни ўзгартириб, машинани эгасига қайтариш ҳақида қарор чиқарди. Қолган барча жазо чоралари ўз кучида қолдирилди.
Мазкур воқеа жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Чунки тиббиёт ходимлари инсон ҳаётини асраш, она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш билан шуғулланиши керак бўлган пайтда, бундай оғир қонунбузарлик содир этилиши одамларни жуда хавотирга солди. Мутахассислар ҳамширанинг қилмишини жиноятчиликнинг энг хунук кўринишларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Шу орқали суд тизими қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳаётини ноқонуний савдодан ҳимоя қилиш муҳим вазифа эканини яна бир бор намоён этди. Айниқса, гап янги туғилган чақалоқ тақдири ҳақида кетганда, жавобгарлик янада оғирлашиши табиий.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!