Жиззах вилоятида қарздорликни вақтида тўламаган масъулияти чекланган жамиятга тегишли мулк мусодара қилинди. Бу ҳақда Бюронинг Жиззах вилояти бошқармаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, суд томонидан “Л.Е” МЧЖ ҳисобидан банк фойдасига 1,2 миллиард сўм қарз ундириш ҳақидаги ижро варақаси ижрога юборилган. Ҳужжат Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижро ишларини амалга ошириш бўлими иш юритувига қабул қилинган.
Ижро жараёнида қарздор жамиятга тегишли барча ҳисоб рақамлари ва мол-мулклари бўйича тақиқ қўйилди. Жамият масъуллари қарзни ихтиёрий равишда тўлаш зарурлиги ҳақида бир неча бор расман огоҳлантирилган бўлса-да, улар бу талабни бажармаган.
Шундан сўнг ижро ҳаракатлари доирасида қарздорга тегишли гаровдаги мулк — Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида жойлашган нотурар бино (гараж) хатловга олинди.
Бюро маълум қилишича, мазкур мулк эндиликда электрон онлайн савдолар орқали аукционга қўйилади. Савдодан тушган маблағ эса қарздорликни қоплаш учун йўналтирилади.
Мутасаддилар таъкидлашича, қарз — бу икки томонлама масъулият. Агар қарз олувчи ўз мажбуриятини бажармаса, унинг мулкини мусодара қилиш орқали қарз қопланиши мумкин. Шу сабабли, фуқаролар ва корхоналарга ўз молиявий мажбуриятларига жиддий ёндашиш тавсия қилинмоқда.
Жорий йил давомида шундай мажбурий ижро ишлари орқали юзлаб қарздор корхоналарнинг мулклари онлайн савдога чиқарилган. Мақсад — давлат ва хусусий сектор ўртасидаги молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!