Афсуски, ҳаётда турли вазиятлар юз бериши мумкин. Оилавий ажралиш эса нафақат руҳий, балки моддий томондан ҳам қийинчиликларни келтириб чиқаради. Айниқса, келинлик сарполарини қайтариб олиш баъзан жиддий муаммога айланади. Бироқ қонун ҳимоясида бундай масалалар ҳал этилади.
Яқинда Мажбурий ижро бюросининг Шароф Рашидов туман бўлимига Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ижро ҳужжати келиб тушди. Унга кўра, фуқаро Л.П. фойдасига, ажрашганидан сўнг, келин бўлиб борган уйидан 35 турдаги шахсий мол-мулкни (келинлик сарполарини) қайтариб бериш белгиланган эди.
Давлат ижрочиси ушбу ижро ҳужжати асосида ишга киришди. Қарздор билан музокаралар олиб борилиб, зарур ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Холислар иштирокида ҳужжатда кўрсатилган барча 35 турдаги мол-мулк хатловдан ўтказилиб, ундирувчи — келинга қайтариб берилди.
МИБ ходимларининг тезкор ва қонуний ҳаракатлари натижасида фуқаро ўз қонуний мулкини тўлиқ қайтариб олишга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари, уй-жой мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшовчи шахслар, агар кўчириб келтирилган пайтда бошқа ҳол ёзма равишда қайд этилмаган бўлса, уйдаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, улар мулкдор томонидан берилган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Агар бундай шахслар уй-жой мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланади (Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига мувофиқ).
Шу асосда Жиззах шаҳридаги уйга фуқаро С.Ж.ни мажбурий тартибда киритиш ҳақидаги ижро ҳужжати МИБ Жиззах шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушди.
Давлат ижрочиси маҳалла раиси ва масъул ходимлар билан ҳамкорликда ижро ҳаракатини амалга ошириб, фуқаро С.Ж.нинг кўрсатилган уйга киритилиши таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, қонунчиликка кўра, ижро ҳаракатлари даврида, давлат ижрочиларининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, шунингдек қарздор шахсларнинг ижро ҳужжатини ижро этмаслиги ҳамда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Кодиров Абдулло
МИБ бўлим бошлиғи
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!