АҚШда ўзбекистонлик эркак терроризмда гумонланиб қўлга олинди

АҚШда яшовчи ўзбекистонлик 31 ёшли Ахрор Бозоров терроризмда гумонланиб қўлга олинди. АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) маълумотларига кўра, у мамлакатга ноқонуний кириб келган бўлса-да, унга расман ишлаш рухсатномаси берилган. Шу билан бирга, у Пенсилвания штатида юк машинаси ҳайдовчисига бериладиган CDL лицензиясини ҳам олган.
Маълумотларга кўра, Бозоров 2022-йилда Ўзбекистонда террористик ташкилотга алоқадорликда ва интернет орқали жиҳод ғояларини тарғиб қилганликда гумон қилиниб, қидирувга берилган. Унинг халқаро қидирувда экани, бироқ АҚШда қонуний ишлашига рухсат берилгани танқидга сабаб бўлди.
ICE хабар беришича, Ахрор Бозоров 2025-йил 9-ноябрь куни Канзас штатининг йўлларидан бирида юк машинасини ҳайдаб кетаётганида қўлга олинган. Ҳозирда унга нисбатан тергов ишлари бошланган.