Тошкентда эр-хотин гиёҳванд моддаларни ўйинчоқ айиқ ичига яширгани аниқланди

Тошкентда эр-хотин гиёҳванд моддаларни ўйинчоқ айиқ ичига яширгани аниқланди

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида гиёҳванд моддаларни ноқонуний тарқатишда гумонланган эр-хотин ва уларнинг шериги қўлга олинди. Уларнинг Чилонзор туманидаги ижарага олинган уйидан юмшоқ ўйинчоқ айиқ ичига яширилган гиёҳванд моддалар топилди.

Аниқланишича, эр-хотин ва уларнинг шериги Matiz автомобилида юриб, гиёҳванд моддаларни яширин жойларга қолдириш — «закладка» усулида тарқатиш билан шуғулланган. Тезкор тадбир давомида уларнинг ёнидан 50 ўрам гашиш топилган.

Гумонланувчилар ижарага олган Чилонзор туманидаги хонадон тинтув қилинганда эса юмшоқ ўйинчоқ айиқ ичидан 450 грамм гашиш ва 100 грамм мефедрон аниқланди. Шунингдек, 1 000 дона зип-пакет, электрон тарозилар ва гиёҳванд моддаларни қадоқлаш учун мўлжалланган буюмлар мусодара қилинди.

Тезкор тадбирлар Қибрай ва Мирзо Улуғбек туманларида ҳам давом эттирилди. Қибрайда гиёҳванд моддаларни яширин жойларга қолдириш билан шуғулланганликда гумонланган шахснинг автомобилидан гашиш топилди. Мирзо Улуғбек туманида эса интернет орқали наркотик савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинган шахслар билан боғлиқ манзилдан 2 килограмм опий экстракти ва 40 грамм гашиш олиб қўйилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 550 грамм гашиш, 100 грамм мефедрон ва 2 килограмм опий экстракти мусодара қилинган. Идоралар ҳисоб-китобига кўра, бу моддалар 26 минг 300 марталик истеъмол дозасига тенг.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар