
Хўжайли туманида газдан заҳарланиш билан боғлиқ оғир ва аянчли ҳодиса юз берди. 2025 йил 13 декабрь куни туманнинг “Саманкўл” маҳалласи, “Фахрийлар” кўчасида жойлашган хонадонда уч киши ҳалок бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, фуқаро А.Ж. икки нафар набираси билан ижарада яшаб келган. Уйини иситиш мақсадида у қўлбола иситиш печининг мўрисини ўзбошимчалик билан кесиб ташлаб, печни бошқа хонага кўчирган. Шундан сўнг, ушбу печни мўрисиз ҳолда газ тармоғига ноқонуний улаган.
Мазкур ҳолат жиддий оқибатларга олиб келган. Газ ёниши жараёнида ҳосил бўлган ис гази (тутун) хонадонга тарқалиб, натижада фуқаро А.Ж. ҳамда унинг набиралари — 2011 йилда туғилган А.С. (8-синф ўқувчиси) ва 2015 йилда туғилган А.Қ. (4-синф ўқувчиси) ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, масъул шахсларга нисбатан хизмат текширувлари бошланган.
Маълум қилинишича, Хўжайли тумани ҳокимлиги томонидан марҳумлар оиласига зарур ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳодиса бўйича қўшимча маълумотлар кейинчалик оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.