date

Номаълум APK файллардан эҳтиёт бўлинг: шахсий маълумотлар хавф остида

Номаълум APK файллардан эҳтиёт бўлинг: шахсий маълумотлар хавф остида

Сўнгги кунларда мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар орқали турли номлар остида тарқатилаётган APK файллар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўпаймоқда. Мутахассислар бу каби файллар орқали фойдаланувчиларни алдаш, шахсий маълумотларни қўлга киритиш ва молиявий хавфсизликка жиддий таҳдид солиш ҳолатлари кузатилаётганини таъкидламоқда. Бу ҳақда Ўзкомназорат расмий огоҳлантириш берди.

Маълум қилинишича, шубҳали APK файллар кўпинча инсон қизиқишини уйғотадиган номлар билан тарқатилмоқда. Хусусан, “Байрамга таклифнома”, “Сенинг расмларинг”, “Суд чақируви” каби сарлавҳалар остида юборилаётган файллар фойдаланувчини шошма-шошарлик билан уларни очишга ундаши мумкин. Аммо бундай файллар қурилмага ўрнатилгандан сўнг телефондаги шахсий маълумотларни ўғирлаши, ижтимоий тармоқ аккаунтларига рухсатсиз кириши ёки банк иловалари орқали молиявий зарар етказиши эҳтимоли юқори.

Мутахассислар файл манбаси аниқ ва ишончли бўлмаган тақдирда, уни очмаслик ва умуман ўрнатмасликни қатъий тавсия қилмоқда. Чунки ҳатто оддий кўринган илова ҳам ортида хавфли дастур яширинган бўлиши мумкин.

Агар шубҳали APK файл аллақачон қурилмангизга ўрнатилган бўлса, қуйидаги чораларни зудлик билан кўриш тавсия этилади:
— интернет алоқасини ўчириш ёки телефонни парвоз режимига ўтказиш;
— телефон созламалари орқали шубҳали иловани дарҳол ўчириб ташлаш;
— агар муаммо сақланиб қолса, қурилмани текшириш учун мутахассисга мурожаат қилиш.

Шунингдек, фойдаланувчиларга хавфсизликни таъминлаш мақсадида фақат расмий манбалар — илова дўконлари орқали дастур юклаб олиш, номаълум ҳаволалардан келган файлларни очмаслик ва телефондаги хавфсизлик созламаларини доимий равишда текшириб бориш тавсия этилмоқда.

Мутахассислар яна бир бор эслатмоқда: ҳар қандай APK файл потенциал хавф манбаи бўлиши мумкин. Шу боис, эҳтиёткорлик ва онгли ҳаракат — шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилишда энг асосий қоида ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Номаълум APK файллардан эҳтиёт бўлинг: шахсий маълумотлар хавф остида