
ИИБ Киберхавфсизлик маркази янги йил байрамлари арафасида фуқароларни ҳушёрликни оширишга чақирди. Қайд этилишича, айнан шу даврда интернет фирибгарлари байрамолди шошқалоқлиги ва совға кутиш кайфиятидан фойдаланиб, одатдагидан ҳам фаолроқ ҳаракат қилади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Мутахассислар фирибгарлар тобора кўпроқ психологик усуллар ва “ижтимоий муҳандислик”ка таянаётганини билдирди. Мессенджерлар ва ижтимоий тармоқларда зарарли ҳаволалар оммавий тарқатилиб, улар интерактив табрикнома, ҳамкасблардан келган қутлов ёки курьерлик хизмати номидан “сюрприз етиб келди” мазмунидаги хабар кўринишида ниқобланади.
Кўпинча фойдаланувчидан расмни кўриш учун “янгиланиш” ўрнатиш ёки “юк хати” деб юборилган файлни юклаб олиш сўралади. Натижада жиноятчилар шахсий маълумотлар ва банк карталаридаги маблағларга кириш имконини қўлга киритиши мумкин.
Марказ байрам кунлари тинч ўтиши учун кирувчи хабарларни синчиклаб текширишни тавсия қилди. Ҳатто танишлардан келган бўлса ҳам, кутилмаган ҳавола ва файлларни очмаслик керак. Хавфсизроқ форматлар сифатида .jpg, .png, .gif ёки .mp4 каби стандарт расм ва видео турлари кўрсатилади, архивлар ҳамда дастур кенгайтмалари эса яширин таҳдид олиб келиши мумкин.
Шунингдек, идора интернет орқали харид қилганда олдиндан тўлов қилишдан тийилишни сўради. Арча ёки байрам дастурхони учун маҳсулотларнинг ҳаддан ташқари арзон нархи кўпинча “ўлжа” бўлиб чиқади: пул ўтказилгач, сотувчилар изсиз йўқолиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.