Ўзбекистонликларга никоҳ шартномаларини нотариал тасдиқлаш тартиби тушунтирилди

Адлия вазирлиги никоҳ шартномаларини тасдиқлашда нотариуслар қандай тартибда иш юритишини белгиловчи ҳужжатни рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Вазирлик маълумотига кўра, никоҳ шартномасини нотариал тасдиқлаш жараёни нотариал идорада, видеоконференцалоқа орқали ёки аризачиларнинг истагига кўра сайёр тарзда амалга оширилиши мумкин. Жараённи бошлаш учун томонлар нотариал идорага шахсан мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (EPIGU) ҳамда E-notarius.uz орқали ариза юборади. Шундан сўнг нотариус фуқароларнинг шахсини текширади.
Нотариус, шунингдек, томонлар никоҳ ёшига етган-етмаганини, бошқа рўйхатдан ўтган никоҳда турмаганини ҳамда улар ўртасида аввал шунга ўхшаш келишув расмийлаштирилмаганини аниқлаши лозим. Шартнома лойиҳаси тўлиқ тайёрланиб, хизматлар учун тўлов амалга оширилгач, томонлар ҳужжатни имзолаш учун бир вақтда таклиф этилади. Имзолар нотариус иштирокида қўйилиб, тўлиқ фамилия, исм ва отасининг исми кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нотариусларга республика ҳудудида тасдиқланган никоҳ шартномаларининг асл нусхасини мажбурий талаб қилиш шарт эмаслиги маълум қилинганди. Ҳужжатларнинг нусхалари автоматлаштирилган ахборот тизимига юкланади, нотариал ҳаракатлар жараёнини тасдиқловчи аудио ва видео ёзувлар ҳам тизимга бириктирилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!