Фарғонада божхона пости раҳбари пора олгани учун 4 йилга қамалди

Фарғона вилоятида божхона-чегара постига раҳбарлик қилган мансабдор пора олаётган пайтда қўлга олиниб, суд ҳукми билан жазоланди. У давлат чегарасидан 80 та мобил телефонни ноқонуний олиб ўтишга кўмаклашишни ваъда қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи 5 минг доллар олаётган вақтида ушланган. Тезкор тадбирда пул маблағлари ҳамда қоидаларга зид тарзда олиб кирилаётган телефонлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Қува тумани жиноят ишлари бўйича суд мансабдорни Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан айбдор деб топиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Шунингдек, унга 3 йил давомида божхона органларида ҳар қандай лавозимда ишлаш тақиқланди.
Сўнгги пайтларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимларда коррупция билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез фош этилаётгани қайд этилмоқда. Аввалроқ Хоразм ва Фарғона вилоятларида ер майдонлари бўйича ноқонуний битимлар ҳамда пораҳўрлик ҳолатлари аниқлангани, хусусан, 30 минг доллар пора олишда гумон қилинган ИИБ ходими ушлангани ҳақида хабар берилганди. Барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!