Нукусда ҳужжатсиз хайдовчи 71 миллион тўлашга мажбур бўлди

Нукус шаҳрида йўл қоидасига бепарво қараш қимматга тушди. Ҳужжатсиз ҳолда танишининг автомашинасини бошқарган фуқаро йўлда тўқнашув келтириб чиқариб, натижада 71 миллион сўмдан ортиқ моддий зарарни қоплаб беришга тўғри келди.
Маълум қилинишича, қоидабузар М.А. танишига тегишли “Lacetti” русумли автомобилни Нукус шаҳри Каттагар жағаси кўчасида бошқариб кетаётган вақтда бурилиш қоидаларига риоя қилмаган. Оқибатда у “Cobalt” русумли автомашинага йўл бермасдан автоҳалокат содир этган. Ҳодиса натижасида икки транспорт воситасига жами 71,6 миллион сўм моддий зарар етган.
Зарарни ундириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилган. Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди 2025 йил 14 октябрь куни тегишли қарор қабул қилган.
Мазкур қарор асосида берилган ижро варақаси Мажбурий ижро бюросининг Нукус шаҳар бўлимига келиб тушган. Шундан сўнг давлат ижрочилари ижро ҳаракатларини бошлаган.
Қайд этилишича, қарздорга 15 кун ичида суд ҳукми ижросини таъминлаш лозимлиги тушунтирилган. Акс ҳолда қарздорликка қўшимча ижро йиғими қўлланилиши, шунингдек маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги огоҳлантирилган.
Якунда жабрланувчилар Бюронинг Нукус шаҳар бўлимига келиб, 71 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар тўлиқ қоплангани ҳақида расмий билдиришнома берган.