Тошкентда “Умра” зиёрати билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди

Тошкент шаҳрида “Умра” зиёрати билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланиб, гумонланувчилар тезкор тадбирда қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миробод тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда “А.А.” МЧЖнинг норасмий ишчиси А.А. ҳамда бошқа шахслар фуқаро Г.Б. ва унинг ота-онасига “виза” ҳужжатларини тайёрлаб, Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилгани айтилади.
Маълумотларга кўра, улар жами 3 150 АҚШ доллари эвазига “Умра”га юборишни ваъда қилиб, олдиндан бўнак сифатида 2 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора бериш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва иш тафсилотларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқлик киритилиши кутилмоқда. Бундай вазиятлар кўпаяётган бир пайтда “Умра виза қилиб бераман” деган таклифларга учмаслик, расмий лицензияси бор тур-оператор ва ҳужжатларни текшириш — кейин афсус қилмасликнинг энг осон йўли.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!