Эҳсонга ишонганлар алдандими ёхуд хайрия пулини фирибгар “еб кетди”...

Муборак Рамазон ойида одамлар саховат, меҳр ва эҳсонга янада кўпроқ интилади. Айни шу паллада кимдир муҳтожга қўл чўзса, кимдир бемор бола учун дуо билан маблағ юборади. Аммо афсуски, ана шу эзгу туйғуларни ҳам ўз манфаати йўлида суиистеъмол қиладиганлар топиляпти.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилган мониторинг ҳамда фуқаролар мурожаатлари асосида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида навбатдаги кибержиноят фош этилди. Маълум бўлишича, хайрия видеоларини қайта ишлаб, бемор болалар номидан йиғилган маблағларни ўзлаштириб келган шахс аниқланган.
Терговга қадар текширувлар давомида Бухоро вилоятида яшовчи, 2004 йилда туғилган гумонланувчи “Instagram” ижтимоий тармоғида бемор болалар номидан жойланган эҳсон видеоларини юклаб олгани аниқланган. Шундан сўнг у видеоларни монтаж қилиб, асл роликлардаги банк карта рақамларини ўзгартирган ва ўрнига онасига тегишли банк картаси маълумотларини жойлаштирган.
Энг оғир жиҳати шундаки, фуқаролар чин дилдан ёрдам бераман, деб юборган пуллар аслида муҳтож болаларга эмас, айнан шу картага тушиб келган. Яъни одамларнинг раҳм-шафқати, ишончи ва савоб илинжида қилган хайрияси фирибгарлик схемасига айлантирилган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, гумонланувчи 2022 йил октябр ойидан то фош этилгунига қадар қарийб 2000 та транзакция орқали жами 161 миллион сўм маблағни ўзлаштирган. Айтилишича, у ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Гумонланувчининг ўзи ҳам қилган ишини тан олган. Унинг изоҳида айтилишича, “Instagram”да эҳсон видеолари чиқиб келганидан кейин тайёр видеоларни олиб, монтаж қилган, онасининг картасини қўйган ва тушган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатган. Шу билан бирга, у қилган ишидан қаттиқ афсусда эканини билдирган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бу воқеа яна бир бор битта ҳақиқатни эслатади: хайрия қилиш — савоб, лекин эҳсонни ҳам эҳтиёт билан қилиш керак. Чунки бир томонда бола дарди, иккинчи томонда эса шу дард устида “бизнес” қилмоқчи бўлган виждонсизлар турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!