“Imarat Development” раҳбариятига фирибгарлик бўйича жиноят иши очилди

“Imarat Development” раҳбариятига фирибгарлик бўйича жиноят иши очилди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тошкент шаҳар ИИББ “Имарат Девелопмент” компанияси раҳбариятига нисбатан фирибгарлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш айбловлари билан жиноят иши қўзғатди.
  • Терговга компания томонидан Тошкент шаҳрида эмас, балки Қуйичирчиқ туманида қурилиши режалаштирилган уйлар учун тўланган маблағларнинг харидорларга қайтарилмагани сабаб бўлган.

Тошкентдаги “Imarat Development” қурилиш компанияси атрофида жиддий можаро юзага келди. Компания раҳбариятига нисбатан фирибгарлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда компания асосчиси сифатида танилган Марат Ҳамдамов ҳам ўзининг ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатлари орқали босим ва таҳдидларга учраётганини маълум қилмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, “Imarat Development” томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлар Тошкент шаҳрида эмас, балки Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида барпо этилиши кўзда тутилган.

Бу ҳолатдан норози бўлган айрим харидорлар аввал хонадонлар учун тўлаган маблағларини қайтаришни талаб қилган. Бироқ компания томонидан уларга пуллари қайтарилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 192-11-моддаси (нодавлат ташкилотларда мансабдор шахсларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши) билан жиноят иши қўзғатган.

Ҳозирда тергов жараёни шаҳар ИИББ раҳбарияти ва прокуратура назоратида олиб борилмоқда.

Марат Ҳамдамов: «Компанияни ҳеч кимга бермайман»

Мазкур воқеалар фонида “Imarat Development” асосчиси сифатида танилган Марат Ҳамдамов Instagram саҳифасида кетма-кет видеомурожаатлар эълон қилди. У компанияни ўзидан тортиб олишга ҳаракат қилинаётгани, ўзи ва яқинларига нисбатан босим ҳамда таҳдидлар бўлаётганини даъво қилди.

Ҳамдамовнинг айтишича, сўнгги бир ой давомида бир гуруҳ шахслар компанияни ундан олиб қўйишга уринган. У эса таъсисчилар сафидан чиқмаслигини, компанияни ҳеч кимга бермаслигини ва харидорлар олдидаги барча мажбуриятларни бажаришини билдирган.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, унга ва оила аъзоларига нисбатан турли таҳдидлар билдирилган, ҳатто ўлим билан қўрқитилган. Шунингдек, ундан хорижга чиқиб кетиш ва ижтимоий тармоқларда кўринмаслик талаб қилинганини, компания офисига киришига ҳам тўсқинлик қилинганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, айрим шахслар қуриб битказилган ва мижозларга тегишли уй-жойларни банкка гаровга қўйиб, кредит олишни ҳам режалаштирган. Ҳамдамов бундай режага қарши чиққанини ва хонадон харидорлари манфаатларини ҳимоя қилишга қарор қилганини билдирган.

Тадбиркор ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга расмий мурожаат қилганини ҳам маълум қилган.

Компания номи нима учун «Imtiyaz»га ўзгартирилди?

Марат Ҳамдамов иккинчи видеомурожаатида компания номи “Imarat Development”дан “Imtiyaz”га ўзгартирилишига ҳам тўхталди.

Унинг айтишича, жорий йил сентябрь ойида хорижда бўлган вақтида компаниянинг бош молиячиси Жасур Азизов унга қўнғироқ қилган. Ҳамдамовнинг таъкидлашича, Азизов компания таъсисчиси бўлмаса-да, молиявий жараёнларни бошқариб келган.

Тадбиркорнинг даъвосига кўра, телефон суҳбатида молиячи компания фаолияти натижасида юзага келган, унинг ҳисоб-китобларига кўра, бир неча миллион долларлик зарарни банк кредити орқали қоплаш нияти борлигини билдирган.

Бироқ Ҳамдамов бу таклифга қарши чиққанини айтди. Шундан кейин эса унинг розилигисиз компания номи ўзгартирилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, тадбиркор компания офисига келган харидорларга уни фирибгар сифатида кўрсатишга қаратилган маълумотлар тарқатилаётганини ҳам даъво қилган. У иккинчи видеомурожаатида ўз сўзларини тасдиқлаш мақсадида айрим аудио ва видеоёзувларни намойиш этган.

Харидорларни энди нима кутмоқда?

Ҳозирда ушбу можаро юзасидан бир қатор саволлар очиқ қолмоқда. Хусусан, компания асосчиси сифатида танилган шахснинг розилигисиз унинг номи қандай ўзгартирилган? Компаниянинг молиявий бошқаруви кимнинг қўлида бўлган? Энг муҳими, хонадон учун пул тўлаган харидорларнинг маблағлари ва уй-жойлари тақдири нима бўлади?

Ҳозирча Марат Ҳамдамов билдирган даъволарга оид барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилгани ҳақида маълумот йўқ. Тергов натижалари эса компания атрофидаги можаронинг асл сабаблари ва масъул шахсларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар