Аср ҳодисаси: 2029-йилда 7,6 миллиард киши Апофис астероидини оддий кўз билан кўради

2029-йилнинг апрель ойида Ер аҳолиси ХХИ асрнинг энг ҳайратланарли астрономик ҳодисаларидан бирига гувоҳ бўлишади. 9942 Апопҳис астероиди сайёрамизга шу қадар яқин масофадан учиб ўтадики, уни дунё аҳолисининг қарийб 90 фоизи — тахминан 7,6 миллиард киши оддий кўз билан кузатиши мумкин бўлади. Олимлар томонидан тайёрланган кўриниш хариталари ушбу ноёб ҳодисанинг тафсилотларини очиқлади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Апофис осмонда ёрқин метеор каби ёниб ўтмайди, балки юлдузлар фонида секин ҳаракатланаётган ёрқин нуқта кўринишида намоён бўлади. ixbt.com маълумотларига кўра, астероид энг яқин масофага келганида унинг ҳаракат тезлиги дақиқасига тўлин Ой диаметрига тенг бўлади. Бу эса ҳатто ҳаваскор кузатувчилар учун ҳам телескопсиз астероид ҳаракатини пайқаш имконини беради.
Энг қулай кузатув нуқталари ва вақти
Астероид ўзининг энг юқори ёрқинлик даражасига 2029-йил 13-апрель куни Тошкент вақти билан тунда эришади. Ҳисоб-китобларга кўра, ўша пайтда осмон жисми Камерун ҳудуди устида бўлади. Энг яхши кузатув шароитлари Африка, Осиёнинг катта қисми (шу жумладан, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар), Жанубий Американинг шарқи ва Европанинг айрим ҳудудларида юзага келади. Об-ҳаво очиқ бўлган тақдирда, жами 3,9 миллиард киши уни энг ёрқин ҳолатида кўра олади.Апофис Ерга максимал даражада 14-апрель куни яқинлашади. У Атлантика океани узра сайёрамиздан бор-йўғи 31,6 минг километр баландликда учиб ўтади. Таққослаш учун, бу кўрсаткич геостационар сунъий йўлдошлар орбитасидан ҳам пастроқдир. NASA мутахассислари бундай яқин масофага қарамай, астероиднинг космик аппаратлар билан тўқнашиш эҳтимолини инкор этмоқдалар.
Хавф ортда қолди: Илмий имкониятлар
Қизиғи шундаки, Апофис 2004-йилда кашф этилганида вазият анча жиддий кўринган эди. Ўшанда олимлар унинг Ер билан тўқнашиш эҳтимолини 37 дан 1 га тенг деб баҳолашган. Бироқ йиллар давомида олиб борилган кузатувлар астероид орбитасини аниқлаштиришга ёрдам берди ва камида яқин юз йил ичида ҳеч қандай хавф йўқлиги тасдиқланди. Эндиликда бу парвоз потенциал таҳдид эмас, балки ноёб илмий лаборатория сифатида кўрилмоқда.Олимлар Ернинг кучли гравитация майдони Апофисга қандай таъсир қилишини катта қизиқиш билан кутмоқдалар. Тахминларга кўра, сайёрамизнинг тортиш кучи астероид траектория йўналишини бироз ўзгартириши, унинг юзасида кўчкиларни келтириб чиқариши ёки қадимги тоғ жинсларининг яширин қатламларини очиб юбориши мумкин. Дунё бўйлаб барча йирик обсерваториялар ушбу жараённи диққат билан кузатиб боради.
Ўзбекистонлик астрономия ишқибозлари учун ҳам бу ҳодиса унутилмас бўлиши кутилмоқда, чунки минтақамизнинг географик жойлашуви астероид парвозини тунда кузатиш учун жуда қулайдир. Бу каби йирик осмон жисмининг Ерга бунчалик яқин келиши инсоният тарихида камдан-кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, у коинот сирларини ўрганишда янги саҳифа очади.






























Изоҳлар 0
…