Самарқандда икки қизга зўравонлик қилган аёл жазоланди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида васийликдаги 8 ва 6 ёшли опа-сингилга мунтазам зўравонлик қилган аёл жазоланди.
- Аёл болаларни уй юмушларига мажбурлаб, уларга қўл кўтаргани ҳамда уларнинг танасида енгил тан жароҳатлари аниқлангани судда исботланди.
- Суд-тиббий экспертизаси натижасида аниқланган жароҳатлар ва аёлнинг ўзи томонидан тасдиқланган видеотасвирлар асосида аёл Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди.
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида васийлигида бўлган икки нафар вояга етмаган қизга мунтазам равишда зўравонлик қилган аёлга суд ҳукми ўқилди. У болаларни уй юмушларига мажбурлагани ва уларга қўл кўтаргани аниқланган.
Суд ҳужжатларига кўра, 8 ва 6 ёшли опа-сингил 2025 йил 24 сентябрда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази қарори билан мазкур аёл васийлигига берилган.
Маълум бўлишича, қизларнинг онаси судланувчи билан бир маҳаллада яшаган ва улар узоқ йиллардан буён таниш бўлган. 2021 йилда аёлнинг эри уни уйдан ҳайдаб юборгач, у икки фарзанди билан судланувчининг хонадонида яшай бошлаган.
2025 йил сентябрь ойида эса болаларнинг онаси ишлаш мақсадида Туркияга кетган ва қизларини шу ерда қолдирган. Судда маълум бўлишича, она хорижга кетганидан кейин васий аёлнинг болаларга муносабати ўзгарган.
Қизлардан бири судда аёл уларнинг айтганини қилмаган пайтда уларга қўл кўтарганини айтган. Судланувчининг ўзи ҳам болаларни туртиб, йиғлаётган пайтларини видеога олгани ва ушбу тасвирларни уларнинг хориждаги онасига юборганини тан олган.
Аёлнинг билдиришича, у бу орқали болаларнинг онасига раҳми келиб, уларни олиб кетишини истаган.
Суд-тиббий экспертизаси натижасида опа-сингилнинг танасида қонталашлар аниқланган. Мутахассислар ушбу жароҳатларни енгил тан жароҳати сифатида баҳолаган.
Ҳолат маълум бўлгач, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва ички ишлар ходимлари болаларни аёлнинг қарамоғидан олиб, Тойлоқ туманидаги оилавий болалар уйига жойлаштирган.
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди аёлни Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” ва “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.






























Изоҳлар 0
…