Сирожиддин Одилов 4 йилга қамалди: суд тафсилотлари маълум бўлди

Сирожиддин Одилов 4 йилга қамалди: суд тафсилотлари маълум бўлди

YouTube’даги “Sirojiddin Media” канали муаллифи ва шу номдаги МЧЖ раҳбари Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти судлари маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 5 октябрдаги ҳукмига кўра, Одилов бир нафар фуқарога нисбатан товламачилик, яна икки нафар шахсга нисбатан эса хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик содир этганликда айбли деб топилган.

Суд материалларига кўра, у Д.Ш.дан 12 миллион сўмни товламачилик йўли билан, Г.Ж.дан 30 миллион сўм ва Р.Х.дан 33 миллион сўмни фирибгарлик орқали қўлга киритган. Шу тариқа етказилган умумий зарар 75 миллион сўмни ташкил этган ва мазкур маблағ тўлиқ қопланган.

Суд томонидан Одиловга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Айрим манбаларда жазо манзил-колонияда ўталиши қайд этилган.

Жиззах вилояти судлари алоҳида таъкидлашича, жиноят иши доирасида Одиловнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятига оид айблов қўйилмаган. Судда кўриб чиқилган айбловлар бошқа фуқароларнинг мулкини фирибгарлик ва товламачилик йўли билан қўлга киритиш билан боғлиқ бўлган.

Шунингдек, биринчи инстанция судининг ҳукмига юқори инстанцияда белгиланган процессуал тартибда баҳо берилиши мумкин.

Маълумотларга кўра, “Sirojiddin Media” YouTube каналида 918 мингдан ортиқ обуначи бор.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар