Ғузорда аёл ва тўрт фарзандини тириклайин ёқиб юборган эркак умрбод қамалди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида аёл ва унинг тўрт нафар фарзанди устига бензин сепиб, ўт қўйган С.Т. исмли шахс умрбод озодликдан маҳрум этилди.
- 2026-йил 15-май куни содир бўлган ушбу мудҳиш ҳодиса оқибатида 6 ёшли ўғил ва 11 ёшли қиз вафот этган, аёл ҳамда икки нафар фарзандининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди устига бензин сепиб, ўт қўйган эркак умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти судлари матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 2026 йил 15 май куни соат 22:30 ларда содир бўлган. Судланувчи С.Т. жабрланувчи аёлнинг Ғузор туманидаги хонадонига бориб, у билан жанжаллашган. Шундан сўнг ўзи билан олиб келган беш литрли пластик идишдаги бензинни ёпиқ хонада бўлган аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди устига сепиб, уларга ўт қўйган.
Ҳодиса оқибатида аёл ва унинг тўрт фарзанди куйиш жароҳатларини олган. Тез тиббий ёрдам ва кўрсатилган муолажалар натижасида аёл ҳамда икки нафар фарзандининг ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ 6 ёшли ўғил ва 11 ёшли қиз оғир жароҳатлар оқибатида вафот этган.
Суд мажлисида жабрланувчи аёл судланувчига энг оғир жазо тайинланишини сўраган.
«Олий жазо беришларини сўрайман. Энди иккита болам қайтиб келмайди. Енгил жазо бермасаларингиз, яна ҳам кўпайиб кетади мана шундайлар. Олий жазо беришларингизни сўраб қоламан», — деган у.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди ҳукми билан С.Т. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «д», «ж» бандлари (оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш), 25 ва 97-моддалар (қасддан одам ўлдиришга суиқасд), шунингдек, 173-моддаси 2-қисми «б» бандида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суд ҳукмига кўра, унга узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.






























Изоҳлар 0
…