17:53 / 25.05.2018
6 377

Рамазон қўшиғини айтиш – тиланчилик эмас!

Рамазон қўшиғини айтиш – тиланчилик эмас!
“Рамазон” қўшиқларини айтиб юрган болаларни айрим имомлар тиланчиликка ўхшатибди. “Хунук иш! Тўхтатиш керак!” дебди.

Нима бўляпти бизга?!

Болаларга динни ўқитолмасак, сийиб қўяди деб масжидларга киритмасак, болалигидан кўзини масжидга, жамоатга, намозга кўниктириб бормасак, масжид Оллоҳнинг уйи ўлароқ одам боласи учун энг ором маскани эканини ҳис қилдирмасак ва мана энди “Рамазон” қўшиқларини ҳам айтдирмасак!!!

Рамазон биз мўмин-мусулмонлар учун байрам эмасми?! Ибодат ойи, хурсандчилик ойи эмасми?! Айниқса болаларимиз бу ойда яйрамасинми?! Бугун “Рамазон” қўшиқларини айтишни тиланчилик деб таомилдан чиқарсак, эртага ҳайитлик улашишларни ҳам тўхтатармиз?!

Бу нима деган гап?!

Бунақада келгуси наслни исломий ҳаётдан буткул узамиз-ку!

Албатта, “Рамазон” айтиш қоидаси кейинги замонларда бир оз ўзгарди. Биринчи кечагина эмас, беш-олти кун ҳар кеча айтиладиган бўлди. Балки фақат пул учун ҳам айтилаётгандир. Нима қипти? Айтсин! Айтганига суюнчилар олсин! Бола-да! Бола Рамазондан рози бўлсин! Рамазонда одамлар унга меҳрибон ва сахий бўлиб қолганини ҳис этсин! Янаги Рамазонни интиқлик билан кутсин!

Эски даврда ҳозиргидай алоқа воситалари бўлмаган. Ҳар бир ҳудуд мутасаддилари белгили бир жойга ой кўришга чиққан. Ҳилолни кўрса, Рамазон ойи кирганини билдириш учун шу болалар хизматидан фойдаланган. Ҳар бир маҳалла болалари уйма-уй юриб Рамазон кирганини эълон этиб чиқишган. Хурсандчилик ифодаси ўлароқ шеър қилиб, қўшиқ қилиб айтиб билдиришган! Одамлар ҳам хурсанд бўлганидан хушхабарчиларга суюнчилар олиб чиқиб берган. Кими битта нон, кими туршак-майиз, ўзига тўқлари ҳатто танга-чақалар ҳам берган.

Ҳамма шод! Айниқса болалар!

Маҳаллани айланиб бўлгандан кейин бирон паккада тўхтаб, тушган нарсаларни адолат билан бўлашиб олишган. Сўнг уй-уйларига тарқалишган! Суюнчиларни ота-она, ака-опаларига олиб кириб кўрсатиб, мақтанишган! Уйдагилар ҳам уларни олқишлашган!

Хуллас, Рамазоннинг кириши хонадонларда байрам бўлиб кетар эди.

Бизнинг ҳам болалигимиз шу тарз кечган. Ҳалигача уйма-уй “Рамазон”, “Борат Оллоҳ” айтиб юрганларимни, суюнчи-ҳадяларни қийиғимга солиб уйга жуда катта севинч билан кўтариб кирганларимни эслайман! Энди бугунга келиб менинг невараларимни бу бахтдан, бу сурурдан, бу севинчдан узмоқчи бўляпсизларми?!

Эй калтаўйлар, ҳазир бўлинг, сизнинг қулоғингизга бу ишни тиланчилик деб шипшиётган нарса шайтондир. Шайтон болаларимиз юрагидан Рамазон севинчини ўғирлаб қўймоқчи. Унинг айтганини қилманг! Бунинг ўрнига “Рамазон” айтувчиларга ҳам, айтмаётганларга ҳам ҳадя улашинг! Суюнчи беринг! Севинтиринг! Болаларга Рамазонни севдиринг! Бутун Рамазон ойи давомида, айниқса ҳайитда ҳатто бегона болаларга ҳам суюнчи беринг!

Масалан, Туркияда деярли барча телеканал ҳайит куни болаларнинг ҳайитликларини алоҳида мавзу қилиб кўрсатади. Гапиртиради. Ким қанча пул ишлаганини сўраб, болаларни янада шавқлантиради.

Телевидениемиз кўрсатмаганига, аксинча, деярли ҳамма идора болаларни масжиддан, Рамазон тароватидан тўсаётганига яраша, ҳеч бўлмаганда имом-домлалар бу ишни қилманг! Ўзингиз ўтирган шохга болта урманг!

Рамазон кирганида бизнинг қишлоқда, масалан, бундай қўшиқлар айтардик:

Рамазон айтиб келдим эшигингизга,
Худойим ўғил берсин бешигингизга!

Бароат ойи кирганида эса, бундай дердик:

Борат Оллоҳ бой билан,
Қуён қочди сой билан.
Борат келди, билдингизми?
Қозонга ёғ қуйдингизми?!

Ақа беради, бақа беради,
Сахий поччам чақа беради.

Бахил поччам қувиб беради...

Болаларни сийланг! Бахил бўлманг! Сахий бўлинг!
Нуруллоҳ Муҳаммад РАУФХОН

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рамазон қўшиғини айтиш – тиланчилик эмас!