09:27 / 24.08.2018
5 030

Самарқандлик Баҳодир Аҳмаджонов юқори лавозимлардан бирини 230 минг долларга сотиб олмоқни истаганди…

Самарқандлик Баҳодир Аҳмаджонов юқори лавозимлардан бирини 230 минг долларга сотиб олмоқни истаганди…
Ҳаммаси Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармасига Гулбаҳор Зикирова деган аёлнинг устидан шикоят аризаси тақдим этишларидан бошланди. Аризани жабрланувчи Баҳодир Аҳмаджонов тақдим этган. Унинг баён қилишича, бир йил бурун Гулбаҳор Зикирова унга 230 минг доллар эвазига «Пахтасаноат» вилоят бирлашмасидан юқори лавозим олиб беришни ваъда қилган. Баҳодир унга чиппа-чин ишониб айтилган пулларни берган.

Аммо ҳануз юқори лавозимга эга бўлмади. Гулбаҳор ҳар сўраганда турли ёлғонларни рўкач қилаверган. Мабодо ваъдасининг устидан чиқа олмаса, пул ўрнига ўзи яшаб турган уйни хатлаб беришини ҳам алоҳида таъкидлаган. Бироқ Баҳодир унга ишончини йўқотганди. Пулларини талаб қила бошлаган. Шунда Гулбаҳор унинг ёнига Робик, Жорик, Шаха деган йигитларни юборган. Йигитлар эса яна Гулбаҳордан пул талаб қилса, ўлдириб юборишларини айтиб қўрқитган.

Кейинчалик маълум бўлдики, Робик — бу Раббим Ҳамроқулов (1977 йилда туғилган), муқаддам судланган, Жорик — бу Зоир Аҳмедов (1967 йили туғилган), муқаддам судланган, Шаха — Шаҳризод Исроилов (1985 йили туғилган), ҳозирги вақтда Туркияда яшаркан.

Тезкор гуруҳ аъзолари вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Гулбаҳорни ички ишлар бўлимига олиб келишди. Илк тергов жараёни бошланмай туриб, ҳожатхонага чиқиб келишни сўради-ю, ўша ерда жонига қасд қилишга уринди. Аммо нияти амалга ошмади. Милиционерлар халал беришди. Чақирилган «Тез ёрдам»чилар Гулбаҳорни касалхонага олиб кетишди.

Кейинроқ тергов қайта ташкил этилди. Энди Гулбаҳор содир этган жиноятларини бўйнига олди. У ҳақиқатан Баҳодирга юқори лавозим олиб беришни ваъда қилган. Берилган пулларни эса Тошкент шаҳридаги банклардан бирида ишловчи Улуғбек деган танишига берганини айтди. Юқори лавозимни худди ўша Улуғбек ваъда қилган экан. Юқорида номлари зикр этилган уч йигитни ҳам Гулбаҳор ёллаган бўлиб чиқди. Баҳодирни қўрқитишлари учун 3200 доллар пул берганмиш.

Айни вақтда барча жиноятчилар қўлга олинган. Ушбу факт юзасидан республика жиноят мажмуасининг 165 модда, 3- қисмига асосан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандлик Баҳодир Аҳмаджонов юқори лавозимлардан бирини 230 минг долларга сотиб олмоқни истаганди…