20:13 / 20.10.2018
4 539

Тошкентда муаллим 6-синф ўқувчисини шафқатсизларча калтаклаганликда айбланди

Тошкентда муаллим 6-синф ўқувчисини шафқатсизларча калтаклаганликда айбланди
Бу фожиали манзара Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги №29- ўрта мактабида кузатилган. Олтинчи синфда ўқийдиган Билолбек исмли боланинг ота-онаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотига мурожаат этиб, фарзандини муаллим шафқатсизларча калтаклаганидан шикоят қилган.

— Дарс пайтида синфдошим мендан ручка бериб туришимни сўради, — дейди Билолбек. — Мен ундан синф ишини бериб туришини сўрадим. Шунда тарих муаллимимиз менинг овозимни эшитиб қолди ва келиб бошимга ура бошлади. Кейин ёқамдан бўғиб йўлакка олиб чиқди-да, янада қаттиқроқ уриб, бўға бошлади. Мен йиғлаб директорга айтиб бераман дедим — да, қўлидан чиқиб қоча бошладим. Муаллим етиб олди ва яна калтаклай бошлади. Бир неча марта бошимни деворга урди, кейин яна бўғди. Кўнглим айниб, бошим айлана бошлади. Шундан кейин мактабдан қочиб кетдим…

Фотосуратларда ҳам Билолбекнинг бўйин қисмида пайдо бўлган жароҳатлар аниқ кўриниб турибди. Боланинг айтишича, бу ҳам муаллимнинг калтакларидан кейин пайдо бўлган.

Муаллим Билолбекка нисбатан жисмоний куч ишлатишга мажбур бўлганини тан олди. Аммо калтакламаганини айтди.

— Дарс пайтида шовқин кўтара бошлади, — дейди муаллим. — Уч-тўрт карра огоҳлантирдим. Энди дарсни тушунтира бошлагандим, яна шовқин кўтарди. Уни доскага чиқишини талаб қилдим. Билолбек эса менга жавобан «Нега энди мен доскага чиқишим керак?» деган саволни ўртага ташлади. Шунда унга яқин бордим-да, қўлидан тортиб доскага чиқишини яна қайтадан талаб қилдим. У қатъиян бош тортди. Мени куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлай бошлади. Кейин эса синфхонадан чиқиб кетди. Тўғри, ёқасидан маҳкамроқ сиқиб дўқ қилгандим. Шундан кейин бўйин қисмида жароҳат излари қолган бўлса керак. Лекин бу ўқувчини калтаклаганим йўқ. Агар калтакласам, бўйнимга олардим. Мени ҳақоратлаганига чидай олмай, жисмоний куч ишлатишга мажбур бўлдим холос…

Олтинчи синф ўқувчиси Билолбекнинг бувиси ҳам набирасини муаллим калтаклагани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотига шикоят аризаси билан мурожаат этишганини таъкидлаб ўтди. Бувиси айтдики, Билолбекнинг ота-онаси адолат тантана қилиши учун уни тиббий экспертизадан ўтказишган. Хулоса тез орада тайёр бўларкан.

№29- ўрта мактаб директори Барно Бекмуҳаммедованинг гапига қараганда, Билолбек мактабдаги жуда тарбияси оғир ўқувчилардан бири ҳисобланади. Шу йўл билан директор муаллимни оқлашга ҳаракат қилди. Аммо республика маориф вазирлигидагилар директорнинг бу гапларига қўшилишмади.

— Агар ўқувчининг тарбияси оғир бўлса, — дейишди улар. — Тезлик билан ота-онаси мактабга таклиф этилиши лозим. Уларни фарзандининг ўзини ёмон тутаётгани ҳақида огоҳ этиш зарур. Муаллим ҳар қандай вазиятда ҳам ўқувчини калтаклаш, жисмоний куч ишлатишга ҳақли эмас.

Манба: Hordiq.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)