14:11 / 24.10.2018
5 365

Сурхондарёда уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Сурхондарёда уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида фуқарони қўрқитиб, йирик миқдорда пул талаб қилган уюшган жиноий гуруҳ ушланди.
Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ “Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш” бўлимидаги тезкор маълумот ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи номига Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласида яшовчи, Алижон Сотиболдиев(исм фамилиялар ўзгартирилган) ёзган аризасида 2014 йилда Жарқўрғон тумани Нефт база унитар корхонаси собиқ раҳбари Мажид Мажидовга 15.000.000 (ўн беш миллион) сўм пул бергани, аммо пулларини ҳозиргача қайтариб ололмаётгани маълум қилган, дея хабар бермоқда UzA.uz.

Алижон бир неча марта пулларини қайтариб беришни сўраб Мажид Мажидовнинг уйига борган. Бироқ ҳеч қанақа натижа бўлмаган. 2018 йил 2 сентябрь куни Жарқўрғон тумани «Обод» маҳалласида яшовчи, 1992 йил туғилган Тоштемир деган киши Алижонга қўнғироқ қилиб Узумзор маҳалласида яшовчи, 1980 йил туғилган Салимжоннинг уйига боришини, ўша ерда пулини олишини айтади.

Алижон айтилган манзилга боради. Тоштемир ва Салимжон Алижонни Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласи ҳудудидан узоқроқда жойлашган адирликка олиб бориб, қабр қазишга мажбур қилади. Қўл ва оёқларини боғлаб, қабрга кўмиб ташламоқчи бўлишади. Жиноятчилар 15.000.000 (ўн беш миллион) сўм пулини сўрагани учун Мажид Мажидовнинг обрўсига путур етгани, агарда ширин жони керак бўлса, “Кобальт” русумли автомашинасини сотиб 50.000.000 (эллик миллион) сўм пул бериши кераклигини ва шундагина уни тинч қўйишини айтади.
Бу гапларни эшитган жабрланувчининг кўз олдида гулдек фарзандлари, оиласи ва жони моддий бойликдан азизлиги гавдаланиб, чорасиз қолганлиги сабабли мазкур шартга рози бўлади.

Шундан сўнг Алижон Денов туманидаги автомашина бозорига бориб “Кобальт” русумли автомашинасини сотиб, Тоштемир ва Салимжонга улар талаб қилган 50.000.000 (эллик миллион) сўмдан 37.000.000 (ўттиз етти миллион) сўмини ва “Кобальт” русумли автомашинасига тегишли сака диск ҳамда шиналарини бериб юборади. Агар яна қолган 12.000.000 (ўн икки миллион) сўм пулни бермаса оила аъзолари билан биргаликда ўлдириб, йўқ қилиб юбориш учун таҳдид қилаётганини баён этган.

Алижон Сотиболдиев аризасига асосан 2018 йил 18 октярбь куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ “Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш” бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир чоғида талаб қилинган 12.000.000 (ўн икки миллион) сўм пулнинг 6.000.000 (олти миллион) сўмини олаётган пайтда жиноятчилар қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган қўшимча суриштирув ишлари натижасида Алижон Сотиболдиевни Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласи ҳудудидан узоқроққа олиб бориб, ерга кўмишни ва ўлдириш билан қўрқитиб, ундан 50.000.000 (эллик миллион) сўм пулни олиш режасини жиноий гуруҳ ташкилотчиси Жарқўрғон тумани Узумзор маҳалласида яшовчи, 1985 йил туғилган Нозим Нозимович деган фуқаро тузгани ва жиноий йўл билан олинган 50.000.000 (эллик миллион) сўм пулни гуруҳ аъзолари ўзаро келишувга асосан тақсимлаб олишгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёда уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди