16:53 / 07.02.2019
11 014

Ўзбекистондаги Пайғамбар ороли ҳақида биласизми?

Ўзбекистондаги Пайғамбар ороли ҳақида биласизми?
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри яқинида, Амударёнинг иккига бўлинган ўрта қисмида 4 минг гектар майдонни эгаллаган «Пайғамбар ороли» номи билан машҳур орол мавжуд, деб ёзади ЎзА.

ХVII асрда яшаган балхлик машҳур қомусий олим Маҳмуд ибн Валий «Сирлар денгизи» асарида пайғамбар Зул-Кифл алайҳиссалом дафн этилган Термиз яқинидаги орол (Пайғамбар ороли) Ҳаким Термизий билан Ҳизр алайҳиссаломнинг учрашув жойи бўлганини қайд этади.

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да эса, оролда ислом улуғларидан бири дафн этилган ва унинг қабри устида Зул-Кифл (алайҳиссалом) масжиди бўлган.

Шу сабабли мусулмонлар бу оролни муборак жой ҳисоблаб, «Пайғамбар ороли» деб аташгани ҳақида маълумотлар ёзилган.
Зул-Кифл (аҳду паймон эгаси, кафолат эгаси) милоддан аввалги VI—VII асрларда яшаб ўтган тарихий шахс ҳисобланади.

Ривоят қилишларича, Зул-Кифлга ўз халқини муҳтожликдан асраш ҳамда уларга одил ҳакам бўлиш кафолати берилиб, ушбу вазифани 75 йиллик умри давомида тўлиқ бажарган.

Ривоят қилинишича, Амударё иккига бўлиниб, ўртада орол пайдо қилиб оқади. Оролда қадимда табаррук ҳисобланган узун қабр ва кўҳна мақбара мавжуд. Бу қабр кейинчалик шу оролда пайдо бўлганми ёки қабр қадимдан мавжудми, кўҳна Жайҳун кейинчалик қабрни айланиб иккига бўлиниб оққанми, бу тадқиқталаб масала. Чунки Амударё асрлар давомида бир неча бор ўз ўзанини ўзгартириб оққани тарихдан маълум.

Оролнинг ҳудуди тўрт минг гектар бўлиб, узунлиги 8, эни 5—6 километр. Катта оламдан ажралган ўзига хос табиат мўъжизаси қамишзор, тўқайзор ва қумлардан иборат. Унда турфа ҳайвонлар эркин, ёввойи ҳолда яшайди.

Пайғамбар ороли қўриқхонаси 1971 йилда тўқай табиий жараёнини ва Бухоро буғусини муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган.

Кўҳитанг давлат буюртма қўриқхонаси 1986 йилда Пайғамбар ороли қўриқхонаси билан бирлаштирилиб, Сурхон давлат қўриқхонасига айлантирилган. Қўриқхона ҳудудида Зараутсой расмлари сақланган дара ҳам бор.

Оролдаги «Зул-Кифл» мақбараси турли даврларда бунёд этилган гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган сағанали хилхона ҳамда ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат. Масжид мурабба тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва арча тарзида терилган, меҳробига ганч гириҳ нақш ишланган.

Мақбара 2018 йил бошида реконструкция қилиниб, обод ҳолга келтирилган.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистондаги Пайғамбар ороли ҳақида биласизми?