11:28 / 08.02.2019
7 758

Фарғонада 124 ёшли онахон узоқ умр кўриш сабабини айтди

Фарғонада 124 ёшли онахон узоқ умр кўриш сабабини айтди
Фото: ЎзА
ЎзА Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи 124 ёшли момо билан суҳбат уюштириб, онахоннинг хотиралари ва унинг узоқ умр кўриши сири ҳақида мақола эълон қилди. Қуйида мақола тўлиғича берилди.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманига йўли тушган кўпчилик 124 ёшли Ҳувайдо момо зиёратига ошиқади. Боиси, уч аср билан юзлашган табаррук онахоннинг дуосини олиш қалбга ўзгача ҳузур бағишлайди. Момонинг хотиралари эса тирик тарих десак, асло муболаға бўлмайди.

Асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган миллий қадриятларимизга кўра, хонадонларимиз файзи бўлган нуроний отахон ва онахонларимиз ҳар тонг юртимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака сўраб дуо қилади. Бу шукроналик неъмати катта ҳаётий ҳикматга эга экани билан ҳам қадрлидир.

Нуронийларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятдир. Аслида ҳам ҳаёти ҳикмату донишмандлик билан йўғрилган нуронийлар мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишларда устоз-мураббийларимиздир. Уларнинг панд-у насиҳатлари, қимматли ўгитлари йўлларимизни нурафшон этади. Айниқса, 100 билан юзлашган нуронийлар суҳбатида бўлиш, дуосини олиш бизга кўҳна ҳаёт фалсафасини англатади.

Бувайда туманидаги Қорақум маҳалласида истиқомат қилаётган онахон бу йил 124 баҳори билан юзлашиш бахтига мушарраф бўлмоқда. Ҳувайдо момо билан суҳбатлашсангиз кўз ўнгингизда халқимизнинг бирда қайғули, бирда шодумон ҳаёти намоён бўлади. Октябрь тўнтаришидан кейинги қирғинбарот, колхозлаштириш, қулоқ қилиш, узоқ ва совуқ ўлкаларга сургун, машъум қатағон, даҳшатли уруш воқеалари кўз ўнгингиздан кино тасмасидек бир-бир ўтаверади. Онахоннинг эса кўзлари ёшланади.

«Фарғона каналини қазиш бошланган илк кундан охиригача қатнашганман, — дейди момо. – Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йиллардаги очарчилик, машаққатлар кечагидек эсимда. Эркаклар урушга кетган, барча юмуш аёллар зиммасида. Йил—ўн икки ой даланинг машаққатли меҳнати — экин-тикинни суғоришдан то йиғиб-териб олишгача — барчаси аёллар ва болалар елкасига тушган. Ана шу қора меҳнатларимиз эвазига кунига бир коса атала билан бир тўғрам нон беришади. Шунисига ҳам шукр қилиб, яхши кунлар умиди билан жон ҳовучлаб яшаганмиз».

Онахон Катта Фарғона каналини қазишда алоҳида жонбозлик кўрсатган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида 9 гектар ернинг ғўзасини ўзи суғориб, ҳар куни 250 килограммдан пахта терган. Бувининг қўлларидаги қадоқ ўша даврлардан хотира бўлиб қолган.

Момо ҳаёт мактаби тарбиясини кўп олган. Шу ёшда ҳам хотираси тиниқлиги, гапга чечанлиги, аскияга мойиллигига қойил қолиш керак. Баъзан кутилмаган саволлари билан суҳбатдошини ҳам шошириб қўйиши мумкин. Аммо ҳамиша тилида-ю дилида дориламон кунлар шукронаси.

«Бу бошим не кунларни кўрмади дейсиз, болам, — давом этади Ҳувайдо момо. — Яратганга шукр, тинч, фаровон замонларга ҳам етдик. Кўзим кўрмай қолганига анча бўлди. Аммо набира-ю эваралардан кўп нарсани билиб тураман. Шундай кунларни орзу қилиб, доим яхши ниятда бўлганман. Яхши ният одамни ҳар қандай қийинчилик, машаққатлардан олиб ўтади, яхши кунларга етказади».

Бувайданинг файзи бўлган онахоннинг умри далада ўтгани боис ҳали-ҳамон зуваласи пишиқ. Момонинг турмуш ўртоғи оламдан эрта ўтди. У 7 фарзандни тарбиялаб камолга етказди. Ҳаёцевар буви гоҳида невара келинлари ёнига кириб, томорқа юмушларига андармон бўлгиси келади. Инсон умрининг саодати, бахт-фароғати ана шу жиҳатлари билан гўзал ва файзли эмасми?!

Ҳувайдо момо узоқ умр кўришининг сабабини доимий ҳаракатда бўлиш, меҳнат қилишда, деб билади. Фарзандлари-ю эвара-чевараларига ҳам доимо меҳнат қилишни уқтиради.

Дунёни қалб кўзи билан кўрадиган онахон ҳаётимизнинг катта ва жўшқин оқимидан четда эмас. Оила файз-у фариштаси ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббусларга муносабат билдиради, юрт равнақи йўлидаги юмушларда барча аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

Бу — улуғ ёшли момонинг ҳаёт ҳикмати ва фалсафасини ўзида мужассам этган донишмандлик китобидир!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада 124 ёшли онахон узоқ умр кўриш сабабини айтди

Жамият янгиликлари