75 ёшида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб барчани ҳайратга солди

Кўпчилик 75 ёшга етганда тинч ва осойишта ҳаёт кечиришни афзал кўрса, наманганлик Зоҳида Каримова бу ёшда ўз олдига янги мақсад қўйиб, уни муваффақиятли амалга оширди.
Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи 75 ёшли онахон ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларда иштирок этди. Энг эътиборлиси, у иккала синовдан ҳам биринчи уринишдаёқ муваффақиятли ўтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритди.
Зоҳида опанинг айтишича, бундай қарорга келишига ўтган йили Тошкентда учратган 86 ёшли аёл таксичи сабаб бўлган. Ёши улуғ бўлишига қарамай, автомобил бошқариб, фаол меҳнат қилаётган аёлни кўрган онахон бундан катта илҳом олган.
— "Ўшанда ўзимга: 'Нега мен ҳам машина ҳайдамайман?' дедим. Шундан кейин бу орзумни амалга оширишга қатъий бел боғладим," — дейди Зоҳида Каримова.
Онахоннинг қатъияти ва интилиши қисқа фурсатда ўз самарасини берди. У ҳайдовчилик курсларида таҳсил олиб, барча имтиҳонларни муваффақиятли топширди.
Зоҳида опанинг бу ҳикояси ижтимоий тармоқларда ҳам илиқ кутиб олинмоқда. Кўплаб фойдаланувчилар унинг матонати ва ҳаётга бўлган иштиёқини эътироф этиб, "Орзуларнинг ёши бўлмайди", "75 ёшда ҳам янги марраларни забт этиш мумкин экан" дея илиқ фикрларини билдиришмоқда.































Изоҳлар 0
…