Аёллар учун тақиқланган касблар рўйхати бекор қилинади

  • 08 март 2019, 13:57
  • 1 620
  • Жамият
  • Аёллар учун тақиқланган касблар рўйхати бекор қилинади
    1 майдан аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади. Бу Ўзбекистон президентининг хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган. Ҳужжат 7 март куни Халқаро хотин-қизлар куни арафасида қабул қилинди.

    Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 225- моддасида меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек ер ости ишларида аёллар меҳнатини қўлланиш тақиқланади, ер остидаги баъзи ишлар (жисмоний бўлмаган ишлар ёки санитария ва маиший хизмат кўрсатиш ишлари) бундан мустаснодир, дея қайд этилган.

    Мазкур рўйхат 44 турдаги соҳа ва касбларни, жумладан кон, нефть ва газ қазиб олиш, қора металлургия, қурилиш ва монтаж ишларини ўз ичига олади.
    Ҳужжатга кўра тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади.

    Қарорда бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилиши белгиланди.

    Бундан ташқари, икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади.

    Ҳужжат билан аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланди.

    Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

    » » Аёллар учун тақиқланган касблар рўйхати бекор қилинади