Тошкент шаҳар бош имом-хатиби: "Айрим одамлар бидъатни кўпайтириб, турли маросимларни ўтказмоқдалар"

  • 15 сентябрь 2019, 00:30
  • 1 023
  • Жамият
  • Тошкент шаҳар бош имом-хатиби: "Айрим одамлар бидъатни кўпайтириб, турли маросимларни ўтказмоқдалар"
    Бугун Олий Мажлис Сенати томонидан «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

    Ушбу қарор муҳокамасида мутасадди ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

    «Ҳақиқатан, бу қарор жуда долзарб. Диний нуқтаи назардан ҳам энг муҳим масалалардан биттаси, деб айтиш мумкин. Исроф энг катта гуноҳ эканлигини, дабдабабозлик, риёкорлик Қуръони Каримда ҳам, ҳадисларимизда ҳам қораланишини унутмаслик зарур», дея ушбу қарорни қўллаб-қувватлашини билдирди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров.

    Шунингдек, шаҳар бош имом-хатиби қарор юзасидан ўз таклифларини ҳам билдириб ўтди.

    «Хотира маросими, ақиқа каби диний маросимларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишган ҳолда ўтказилиши ҳақида ҳам ушбу қарорда алоҳида таъкидланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

    Чунки айрим одамлар бидъатни кўпайтириб, турли маросимларни ўтказмоқдалар. Масалан, «Ҳожи тўйи» деган нарса шариатимизда йўқ. Одамлар Мусулмонлар идораси билан маслаҳатлашса, биз уларга «Агар ҳаж амалини бажариб келган бўлсангиз, бошқаларга яхшилик қилиш билан шуғулланинг», дея дарҳол эътироз билдирамиз», деб таъкидлади Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.

    Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, диний идораларнинг марҳумларни хотирлаш бўйича ҳам фатволари бор. Хонадонларда ўтказиладиган диний маросимлар диний уламолар билан ҳамкорликда ўтказилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

    Маълумот учун: «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ушбу қарор бўйича оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилиши белгилаб қўйилган.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Тошкент шаҳар бош имом-хатиби: "Айрим одамлар бидъатни кўпайтириб, турли маросимларни ўтказмоқдалар"