21:35 / 16.09.2019
3 458

Алишер Саъдуллаев тўйлар ҳақида. «Ёш дўстларимга етказинг»

Алишер Саъдуллаев тўйлар ҳақида. «Ёш дўстларимга етказинг»
«Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлик» дейдилар.
Абдулла Қодирий

Дўстлар, қарийб бир аср олдин, 1915 йилда Қодирий ҳазратларининг тўй ҳақида ёзган битикларини ўқиб жуда ҳайратландим. Эътиборимни тортгани Қодирий ҳазратлари тўй ўша давр инсонларини ҳам иккига ажратиб, табақалантириб қўяётгани ва ким ўзарга тўйни бир-биридан ошириб, инсонлар бор-будини сарфлаётганини куйиниб қалам билан битган эканлар.

Яна бир жиҳати Қодирий бой ва фақирларга мурожаат ила «Тўйни Қуръон ҳам шариат ҳам амр этмагани» (халққа никоҳни билдириб қўйиш аслида жоиз эканлиги) ва ҳар қандай масалада меъёр бўлиши, айниқса, тўйдаги исрофдан сақланишни жуда хоҳлаганликлари битикларда ўз аксини топган. Рости, бу битикларни бир неча бора ўқиб, наҳотки жамиятимизда 100 йил олдин ҳам бу иллат бўлгани ва энг аламлиси унинг ҳозир ҳам сақланиб қолгани, ҳатто тўйни дабдаба билан ўтказиш ундан ҳам авж олгани бизни ташвишлантиради.

Менимча шунчаки бир даъват билан бу иллатни йўқотиб бўлмайди, аксинча ҳар бир шахс, хоҳ у давлат арбоби бўлсин, хоҳ фуқаро ўзини ислоҳ қилиши ҳамда шахсий намуна кўрсатсагина бу иллатни йўқота олиш имкони пайдо бўлса керак. Ҳеч бўлмаганда Сиз ёшлар, «маҳалла, қўни-қўшни ва атрофдагилар нима дейди?» деган ўйлардан сақланинг.

Катта авлод вакилларининг эътиборларини дабдаба, бахтли яшашингиз учун шарт бўлмаган сарполар, узундан-узун кортежлар ва барчадан қоладиган «қўл-қўйиб бўлмас» деб мақтаниладиган тўй дастурхонларидан қайтариб, сиз учун муҳим бўлган ота-онангизнинг оқ фотиҳаси, мўъжазгина макон, яхши маркаб, дунёқарашингизни бойитиши мумкин бўлган кичик саёҳат ва энг муҳими тинчлик неъматларини тақдим этишларини сўранг. Қуйидаги битикларни эътиборингизга ҳавола қиламан, хулоса эса ўзингиздан.

Тўй
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.

Бир-биридан ошурдилар тўйни,
Топди равнақ, ҳайрати-ла боён тўй.

Беш кун тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.

Боён тўйиға ерлилар қараб
Этди сарф токи тандаги жон тўй.

Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,
Амр этубдурми бизға Қуръон тўй?

Мундайин ишлар шаръимизда йўқ,
Кори мажъус, кори шайтон тўй.

Ишламас шундай аҳллик киши,
Йўламас асло аҳли виждон тўй.

Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерға яксон тўй.

Келингиз дўстлар, дин қариндошлар,
Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

Абдулла Қодирий, Садойи Туркистон
1915 йил, 64-сон, 20 март, 2-бет


*Ғаний - бой.
*Кори мажъус - мажъусийнинг (оташпарастнинг) иши
----------------------------
Алишер Саъдуллаев
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Алишер Саъдуллаев тўйлар ҳақида. «Ёш дўстларимга етказинг»