«Акамнинг кўзига қандай қарайман...»

  • 03 октябрь 2019, 16:00
  • 2 836
  • Жамият
  • «Акамнинг кўзига қандай қарайман...»
    Фото: BBC
    Туркияда тўппончадан ўзини отган (ёки отилган) ўзбекистонлик қиз дугонасига ўлимидан олдин: «Акамнинг кўзига қандай қарайман энди», деган гапларни айтган. Мана шу биргина гап қизнинг айби йўқлигини исботламайдими? Мана шу биргина гап ўзбек қизининг ўз номуси учун қайғурганини англатмайдими?

    Депутат қизни руҳий хастага чиқарди. Дугонаси билан уни яна фоҳишаликда ҳам айблади. Қиз фоҳиша бўлган тақдирда ҳам унинг ўлимига қандай алоқаси бор?.. Қиз руҳий хаста бўлиб қолган бўлса, уни келтириб чиқарган омиллар, стресслар нималардан иборат?

    Аввало, агар қиз фоҳишаликни бўйнига олган бўлса, осонликча депрессияга тушмайди. Виждони бор аёл фоҳишалик қилмайди, виждони йўқ аёл фоҳишаликдан тап тортмайди, демак виждон йўқми руҳий касалликка ҳам осонликча чалинмайди. Чунки руҳий хасталик аввало ўз-ўзини айблашдан, айбдорлик ҳиссидан бошланади. Ўзи хоҳламаган аёл, зўрланган аёл, зўрлик орқали фоҳишага мажбуран айланган аёл стрессга тушади ва руҳиятида бузилиш содир бўлади. Агар бирор инсон ҳатто ҳаммада учраши мумкин бўлган депрессияга учраганида ҳам уйда хизматкорлик қилишга ярамайди. Унинг ҳеч нарсага хоҳиши бўлмайди.

    «Акамнинг кўзига қандай қарайман» деган гапи Нодиранинг фоҳишалик қилмаганига асос. «Акамнинг кўзига қандай қарайман», деган биргина истиҳола унинг кимдир томонидан мажбурланганига бир ишора. «Агар жим юрмасанг ўлдирвораман», деган бурчакка қисилишга мажбур қилинадиган ҳолат бу. Агар қиз зўрланган бўлсаю, жим юришга мажбурланса ҳам, қизнинг руҳиятида ўзгариш бўлиши мумкин. Ўзини отишига ҳам, отилишга ҳам мана шу номусига тегиш сабаб бўлгани эҳтимоли жуда катта. Бошқа вариант йўқ.

    Бир инсон вафот этди. Буни турк жамоатчилиги ҳам оқлаётгани йўқ. Туркиянинг Болалар ва аёллар биринчи номли ассоциацияси раҳбари Мужде Тозбей Эрден «Агар Нодира фоҳишалик билан шуғулланган бўлганида ҳам, бунинг ишга боғлиқлик жойи йўқ. Бу ерда гап унинг ўлими ва жинсий тажовузга учрагани бўлиши мумкинлиги ҳақида кетмоқда. Ҳеч ким унга нисбатан бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Қолаверса, Нодира кўзида ёш билан дўстига: «Акамнинг кўзига қандай қарайман энди», деб айтган.

    Савол туғилади: Нодира фоҳиша ва руҳий касал бўлса, нега депутатнинг хонадонида шу пайтгача ишлаган?

    Ўзбек қизи ўлими олдидан номуси қанчалар қадрли эканлигини, акасининг юзига қандай қарашини таъкидлаган. Биз уни вафотидан кейин балчиққа булғашларига йўл қўймаслигимиз керак. Бутун ўзбек аёлларини қўллаб-қувватлайдиган, ваколатлари жуда катта бўлган Хотин-қизлар қўмитаси мана шундай пайтда тинч ўтиролмаслиги керак. Ташқи ишлар вазирлигига, элчихонага, чет эллардаги элчихона ва консулликларимизга мурожаатми, баёнотми билан чиқиши шарт. Чунки элчихона ва консулликларимиз ҳам мудроқда, ташқи ишлар вазирлиги эса вазият элчихона назоратида деган маълумот билан чекланган.

    Ахир Болалар ва аёллар биринчи номли ассоциациясининг раҳбари, ҳуқуқшунос турк аёли Тозбей ўзбек қизининг ҳақ-ҳуқуқлари учун талашаётган бир пайтда, сиз бир четда турасизми? Ўз номуси учун қандай курашишни билмай сирли ўлим топган ўзбек қизининг ор-номуси биз ўзбек аёлларининг ор-номуси эмасми? Ўзбек қизига фоҳиша ва руҳий касал эди, деган тамға ёпиштирилаверсинми? Уйғонинг! Уйғонинг! Уйғонинг! Мана шу қизнинг ҳаётига, ўзбек қизларининг, аёлларининг бундан кейин таҳқирланмаслигига, ор-номуси учун талашиб сирли равишда ўлиб кетмаслигига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон, ҳар қандай ташкилот борки, уйғонинг!

    Нодиранинг фожиали ўлимига, ўзбек қизларининг ор-номуси топталишига жимгина қараб тураверар эканмиз, ўз қизларимизнинг кўзига қандай қараймиз?!
    Барно Султонова

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » «Акамнинг кўзига қандай қарайман...»