20:50 / 16.12.2019
3 613

Cалкам 1200 нафар фуқарони чув туширган «Human» бандлик агентлиги раҳбари устидан суд бошланди

Cалкам 1200 нафар фуқарони чув туширган «Human» бандлик агентлиги раҳбари устидан суд бошланди
Фото: Олий суд матбуот хизмати
Бугун, 16 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида «Human» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Шоҳнур Файзуллаевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар берди.

Судланувчи Шоҳнур Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 179-моддаси (Сохта тадбиркорлик), 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 192-11-моддаси 2-қисми «а» банди (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш), 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловга кўра Тошкент шаҳрида жойлашган «Human» хусусий бандлик агентлиги МЧЖнинг раҳбари Шоҳнур Файзуллаев ва бошқалар республика вилоятларида ваколатхоналар ташкил этиб, жамият ташкил топган кундан 2019 йил 13 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида фуқароларни Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ҳар бир фуқародан таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пулларни агентликнинг банк ҳисоб рақамига тўлаш йўли билан қўлга киритиб, ушбу фуқароларни ҳеч қаерга юбормасдан жуда кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Бундан ташқари, Шоҳнур Файзуллаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқа шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, тузилган жиноий режа асосида «Human» хусусий бандлик агентлиги МЧЖни ташкил этиб, АКИБ «Ипотека банк» Яккасарой филиалидан жамият ҳисоб рақамини очиб, ғайриқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида товарлар савдоси қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиб, 143 080 000 сўм пул маблағи корхонанинг бухгалтерия ҳисоб регистрларида тегишли тартибда акс эттирмасдан белгиланган тартибда банк муассасасига топширмаганлиги, жамиятнинг бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини яшириб, ҳужжатли текширувга тақдим қилмаганлиги, жиноий йўл билан топилган пулларнинг келиб чиқишига қонуний тус беришга эришганлиги, сохта тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жуда кўп миқдордаги зарар етказганлиги аниқланган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан олиб борилган.
Жиноят натижасида 1 198 нафар фуқаронинг манфаатларига зарар етказилган. Жиноят иши доирасида 5 та кўчмас мулк ва 5 та автотранспорт воситаси хатланган.

Жабрланувчилар кўплиги ва турли ҳудудлардан бўлгани боис уларни суд мажлисларида иштирок этишини яшаш жойларидаги судлар биноларида ўрнатилган видеоконференсалоқа тизими орқали таъминлаш режалаштирилган.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайрулла Раҳмонов раислигида кўриб чиқилмоқда. Суд жараёни давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Cалкам 1200 нафар фуқарони чув туширган «Human» бандлик агентлиги раҳбари устидан суд бошланди