Суд «HUMAN» раҳбарини 10 йилга «кесди». Қолаверса...

  • 27 январь 2020, 22:08
  • 1 098
  • Жамият
  • Суд «HUMAN» раҳбарини 10 йилга «кесди». Қолаверса...
    Фото: Тергов департаменти
    Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбари Шохнур Файзуллаевга (1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати — ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти — олий, оилали, муқаддам судланмаган) оид жиноят иши кўриб чиқилаётгандан кўпларнинг хабари бор.

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, суд иши ниҳоясига етиб, судланувчига нисбатан ҳукм ўқилди.

    Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Хайрулла Раҳмонов раислигида бўлиб ўтган суд якунига кўра, судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 227-моддаси 2-қисми «а» банди ва 179-моддаси билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар)нинг тегишли бандларига асосан реабилитация қилинди, шунингдек, айбловдан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-11-моддаси 2-қисми «а» банди ҳам чиқарилган.

    Ш.Файзуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») 3-қисми «б», «в» бандлари, 189-моддаси («Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш») 1-қисми ва 243-моддасида («Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш») назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

    Судланувчи Ш.Файзуллаевдан 1080 нафардан ортиқ жабрланувчилар фойдасига 21 млрд. 192 минг сўмдан зиёд миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

    Шунингдек, жабрланувчиларга жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

    Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

    Эслатиб ўтамиз, Ш.Файзуллаев ва бошқалар агентликнинг жойларда ваколатхоналарини ташкил этиб, 2019 йил 13 сентябрга қадар фуқароларни Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пул олиб, амалда фуқароларни ҳеч қаерга юбормасдан, жуда кўп миқдордаги маблағга фирибгарлик йўли билан эга чиққанликда айбланган эди.

    » » Суд «HUMAN» раҳбарини 10 йилга «кесди». Қолаверса...