22:50 / 29.01.2020
5 401

Ҳаддимиздан ошдик: ашулачи фатво бера бошлади...

Ҳаддимиздан ошдик: ашулачи фатво бера бошлади...
Ҳар бир кишининг ўз соҳаси бор. Ўша соҳа доирасида хизмат қилса, аввало ўзига фойдали бўлади. Қолаверса бошқалар учун ҳам энг керакли ва манфаатли мутахассис бўлади. Аммо ўз доидаридан чиқса, мутахассислик чегарасидан чиқса, ҳаддини билмаса, аввало ўзига қолаверса атрофидагиларга зарарли мутахассисга айланади.

Бунга биргина мисол:
Бутун дунёга машҳур Аҳмад Дидот (Ahmed Deedat) Исломни ҳимоя қилиш мақсадида мунозаралар ўтказар эди. Бу унинг мутахассислиги бўлиб ўз мутахассислиги доирасидан ташқарига чиқмади. Уммат ундан жуда ҳам катта илмий манфаат кўрди. Бирор марта мутахассислиги бўлмаган фиқҳий ва ақидавий масалаларга аралашмади.

Аҳмад Дидот ҳаётлигидаёқ машҳур бўлган шогирди Зокир Ноик (Zakir Naik) устози вафот қилгач, ўз мутахассислиги қолиб бошқа мавзуларда фатво беришга киришиб кетди. Баъзан ҳадисларни саҳиҳ-заифга чиқарадиган муҳаддислик қилди, баъзан фатволар берди, баъзан ақидавий масалаларда ҳукмлар берди. Охир-оқибат илмий мажлислари ўз соҳаси бўлмаган мавзулардан иборат бўлиб қолди. Ватандошлари учун фойдали эмас балки зарарли мутахассис бўлиб қолди.

Уни таниган олимлар унга кўп насиҳат қилдилар. Хатоларини ўзига етказдилар. Шунда ҳам қайтмади. Хатолари шу даражада кўпайиб кетдики, у ҳақида бир нечта китоблар ҳам ёзилди. Шайх Салмон Надавий бир учрашувда ўзига шундай деган эдилар:

- Доктор Зокир, сиз ўз соҳангизнинг етук мутахассиси ҳисобланасиз. Илтимос бошқа мавзуларга аралашмасдан ўз соҳангиз доирасида қолинг. Модомикли ўз мутахассислигингиз доирасида қолар экансиз, мен сизни шахсан ўзим қўллаб қувватлайман.

Бизнинг диёрда ҳам худди шу ҳолат кузатилмоқда. Мутахассислиги бўлмаган соҳаларда от чоптириш одатий ҳолга айланиб қолди. Ачинарли томони ўз соҳаси бўйича илмий иш қилишни четга суриб қўйиб, бехабар бўлган мавзуларида ёзиш-чизиш асосий машғала бўлиб қолди.

Даҳрийлик мутахассислиги бўлганлар фатво беришни бошлаб юборди. Соҳаси журналист бўлганлар муҳаддисликка ўтиб олди. Табобатдан бехабарлар эса мутлоқ табиблигини эълон қилиб юборди. Фикри аралаш-қуралаш бўлиб ётган баъзи шахслар эса Ислом мафкураси ҳақида бонг уришга одатланди.

Кошки ҳар биримиз ҳаддимизни билсак эди, ўз соҳамиз доирасида қолиб халқимиз ва динимизга хизмат қилсак эди... Кошки!..

Шайхул-Ислом Мустафо Сабрий роҳимаҳуллоҳдан сўралган экан:
- Мусулмонлар қачон авалгидек ғолиб ва азиз ҳолатига қайтади?

Олтинга тенг жавобни берган эканлар:
- Қачонки ҳамма ўз соҳада хизмат қилса, деган экан.

Сўзим дўстларим ва укаларим учун оғир ботиши мумкин. Лекин айтишга мажбурман. Йўқса зиммамда қолиб кетади:
- Ўз соҳангизда ижод қилинг, хизмат қилинг. Соҳангиз бўлмаган мавзуларга аралашманг. Халқимиз ва динимиз учун зарарли мутахассис бўлиб қолишдан сақланинг. Халқимиз сиздан айнан сиз билган мутахассислигингиз бўйича илмий ишлар кутади. Динимиз учун ўз соҳангиз доирасида фойдали бўла олишингиз мумкин.
Акс ҳолда динимизга ҳам, халқимизга ҳам зарар бериб қўйишингиз мумкин. Шундай катта зарар беришингиз мумкинки, бераётган зарарингиз бардавом бўлади ҳамда ёнингиздагиларнинг қарсаклари жаранги остида сизни огоҳлантирадиганлар овози сизга эшитилмай қолади. Шунда зарарни фойда деб эътиқод қилиб қолишингиз мумкин. Бу эса энг хавфлисидир. Келинг, ҳаддингизни билинг ва ўша ҳаддингиздан ошиб кетманг.

Аллоҳ таоло барчамизни динимиз ва халқимиз учун манфаатли мутахассислардан қилсин.

Одил Ҳамид

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳаддимиздан ошдик: ашулачи фатво бера бошлади...