18:26 / 01.02.2020
4 122

Пенсия ёшининг узайтирилиши юз минглаб ишсиз ёшлар «армияси»ни пайдо қилади

Пенсия ёшининг узайтирилиши юз минглаб ишсиз ёшлар «армияси»ни пайдо қилади
Ишсизлик ёшларнинг синишига ва ўзи истамаган бошқа йўлни танлашига сабаб бўлади. Алам қиладигани эса унинг бу аҳволга тушишига иш жойи тайин, умрини яхши яшаб ўтказаётган «қариялар» замин яратиб берса. Бундан баттари бўлмаса керак.

Пенсия жамғармаси масъулларининг «инновацион» ҳисоб-китоблари асосида ишлаб чиқаётган концепцияси доирасида пенсия ёшини ошириш бўйича оммага сингдираётган ғоясини кўриб одам шундай хулосага келаяпти: ёшини яшаб бўлган қариялар ёшларни ишсиз қолдирмоқчи!
Амалда ҳозир эркаклар учун пенсия ёши 60, аёллар учун 55 ёшни ташкил этади. Энди буни эркакларга 62 ёш, аёлларга 58 ёш қилишмоқчи.

Агар пенсия ёшини бир ёшга оширсак бу ўртача бир йилда пенсионерлар ҳисобига бўшаши мумкин бўлган 200 мингдан 250 мингтагача иш ўрнининг бўшамаслиги ва меҳнат бозорига кириб келган ёшларнинг унга эгалик қила олмаслигига сабаб бўларкан. Бир йилда мамлакатимиз меҳнат бозорига ўртача 600 минг ёшлар кириб келаётганини ҳисобга олсак, иш ўрни бўшамаслиги оқибатида бир неча йилда қанча юз минглаб ёшлардан иборат қўшимча ишсизлар «армияси» пайдо бўлади? Улар нима қилади, омади келгани бизнесга, омади келмагани эса ўзини четга уриши аниқ. Қарияларни тинмай ишлатишни ўйлаётган мутахассисларимиз масаланинг бу томонига эътибор бермаган кўринади.

Энг қизиғи бизнинг жаноб Пенсия жамғармаси масъуллари бераётган баёнотларида ишончларининг юқорилигидан, улар аллақачон парламент розилигисиз ҳам пенсия ёшини ошириш масаласини ҳал этиб қўйишган кўринади. Улар Конституция ва қонунларга мувофиқ, қонунларни, шу жумладан пенсия ёшини ўзгартиришни қабул қилиш ваколати парламентда эканлигини ё билишмайди ё писанд қилмоқчи эмасдек. Аслида бу уларнинг таклифи холос-ку. Парламент буни қабул қилмаслиги мумкин.

Ҳеч бўлмаса «биз пенсия ёшини ўзгартиришни таклиф қилаяпмиз» деса ҳам майли эди. Ҳар қалай якуний қарорни қабул қилиш халқнинг олий вакиллик органи бўлган парламентнинг иши эканлигини англатарди. Бироқ давлат раҳбари даражасида ҳукуматнинг парламент олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, парламентни «халқ уйи»га айлантириш вазифаси қўйилган бир вақтда бундай баёнотлар ҳали ҳам кучнинг бир векторда йиғилиб қолганидан ҳаволаниб юрган Пенсия жамғармаси кабиларнинг парламент, халқ билан ҳисоблашишга хоҳиши йўқлигини кўрсатмоқда.

Бироқ шуни унутмангки, токи қишлоқларда пенсия ёшига етиб боришини кутаётган қариялар, ишга жойлашишни орзу қилаётган юз минглаб ёшларнинг розилиги олинмагунча, кўришга кўз отишга ўқингиз йўқ депутатларнинг тасдиғидан ўтмагунча пенсия ёшини ўзгартиришни бориб сувга айтинг. Сиз қариялар ва ёшларни ўйламасангиз, биз ўйлаймиз. Чунки улар бизга ишонган, бизга овоз берган.

Сўзим сўнггида пенсионерлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишни дастурларига киритиб, ваъда берган партиялар вакилларига ҳам масалага бефарқ бўлмасликларини сўрардим.

Расул Кушербаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пенсия ёшининг узайтирилиши юз минглаб ишсиз ёшлар «армияси»ни пайдо қилади