16:53 / 10.02.2020
4 883

Сариосиёда аёл нега қўлига болта олди? (видео)

Сариосиёда аёл нега қўлига болта олди? (видео)
Ижтимоий тармоқлар ва телеграм-каналларда бир қўлида болта, бир қўлида телефон ушлаб, президент портретини қучоқлаганча уйи бузилишига норозилик билдирган аёлнинг мурожаатномаси тарқалди.

Маълум бўлишича, бу аёл Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Гулобод» МФЙда қурилган янги уйи бузилишига қаршилик билдирган Холбиби Донаевадир. У ўз мурожаатида аввалроқ ҳам уйи бузилгани, иккинчи марта уйини бузишларига йўл қўйиб бермаслигини айтади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ўз расмий муносабатида Холбиби Донаеванинг мулкий ҳуқуқлари бузилганидан норози бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали қилган видеомурожаати юзасидан Сариосиё тумани ҳокимлигининг позициясини эълон қилди.

Сариосиё туман ҳокимлиги Донаева Холбибига тегишли турар жой биноси ва экин майдони бузилмаганини маълум қилган.
«Сариосиё тумани ҳокимининг 2019 йил 11 февралдаги №740-сонли қарори билан «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ДУК Сурхондарё вилоят филиали томонидан ишлаб чиқилган «Сариосиё шаҳарчаси марказий қисмининг батафсил режалаштириш лойиҳаси» маъқулланган.

Холбиби Донаева 2019 йил 6 апрелда Сариосиё тумани ҳокими номига ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг аризасида унга тегишли «Лутфикор» (собиқ «Янги турмуш») маҳалласида ер участкаси туман бош режасига асосан кўкаламзорлаштириш кўрсатилгани сабабли, якка тартибда уй-жой қурилиши учун 10 сотих ер майдони ажратилишини сўраган.

Сариосиё тумани ҳокимининг 2019 йил 10 апрелдаги 2116-сонли қарори билан фуқаро Х.Донаевага туманнинг «Гулобод» маҳалласи, Чорбоғ қишлоғи ҳудудидаги 7қ-дала контуридан якка тартибда уй-жой қуриш учун 1000 кв.м ер майдони ажратиш белгиланган.

Аммо, туман ҳокимининг мазкур қарори Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 45-моддаси (алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерлар) талабига зид равишда қабул қилингани аниқлангани сабабли 2019 йил 31 октябрда уни бекор қилиш ҳақида Сариосиё тумани прокурори томонидан протест келтирилган.

Шунга кўра, туман ҳокимининг 2019 йил 6 ноябрдаги 6226-сонли қарори билан 2019 йил 10 апрелдаги 2116-сонли қарори бекор қилиниб, прокурор протести қаноатлантирилган. Донаева Холбибига қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони таклиф этилган.

Х.Донаевага тегишли турар жой биноси ва пиёз экин майдони бузилмагани, бироқ, ҳозирда қонунга зид равишда ажратилган ер майдонида қурилган ушбу турар-жой масаласида судга даъво аризаси тайёрланаётгани, суд қарори асосида бу масалага ойдинлик киритилиши аниқланди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг 2020 йил 8 февраль куни Сариосиё тумани, «Гулобод» маҳалласи, «Чорбоғ» қишлоғига ташрифидан кўзланган мақсад 7қ-контурдаги 1,20 га сувли ер майдонида қурилган бино-иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш, шунингдек, деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ажратилган ер майдонларидан фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурган ва кейинчалик бузиб олган қурилишлари қолдиқларини даладан чиқартириш бўлган», дейилади муносабатда.

Шунингдек, ҳокимлик Шарғун шаҳрида ҳам Х.Донаевага тегишли уй-жой борлигини таъкидлайди.
«Аввалроқ Сариосиё тумани, Шарғун шаҳар, Феруз маҳалласи, Шахтёрлар кўчаси ҳудудида жойлашган, Х.Донаевага тегишли бўлган 45-уй Шарғун шаҳрида олиб борилган қурилиш ишлари давомида ўтказилиши лозим бўлган йўл ҳудудида жойлашгани сабабли, бузилишга тушган.

Ушбу уй-жой эвазига Сариосиё тумани ҳокимининг 2019 йил 13 июлдаги 4116-сонли қарори билан фуқаро Х.Донаевага Шарғун шаҳар, «Феруз» маҳалласи, Ҳуррият кўчаси ҳудудидан 400 кв.м ер майдони якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ва 150 млн сўмдан зиёд компенсация тўлови нақд пул шаклида тўлаб берилган.

Фуқаро Х.Донаева мазкур манзилда 15,75 кв.м ҳажмда 1 хонали турар жой ва 4,00 кв.м. ҳожатхона иморатлари қурган ва Сариосиё тумани ҳокимининг 2019 йил 28 сентябрдаги 6065-сонли қарори билан Х.Донаеванинг мазкур турар жойга эгалик ва мулк ҳуқуқи эътироф этилган», дейди ҳокимлик.

Туман ҳокимлиги Х.Донаеванинг онаси Турсиной Донаевага тегишли уй-жой ҳам мавжудлигини таъкидламоқда.
Шарғун шаҳар ҳокимининг 1993 йил 29 июндаги 78/51-сонли қарори билан Шарғун шаҳар, Шахтёр кўчасидаги 45-уй, 9-хонадон (2 хонали, умумий майдони — 66,5 кв.м) фуқаро Донаева Турсунойнинг шахсий мулки эканлиги тасдиқланган.

Мазкур манзилда айни пайтда ҳеч ким яшамаётганлигини маълум қилаётган туман ҳокимлиги бу уйнинг фуқаро Х.Донаевага қандай алоқаси борлигига ойдинлик киритмаган.

Айтайлик, бу квартира Х.Донаевага мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан ўтганми? Ё онаси томонидан ҳадя қилинганми? Унда бу квартиранинг мазкур масалага қандай дахли бор? Уни тилга олиб ўтишдан мурод не? «Яшайман деса шунча уйи бор, бу аёл ўзи тўймайди», деган хулоса ҳосил қилишми?

Пайдо бўлган чигал ва резонансли вазиятда айб тўлиқ Сариосиё туман ҳокимлиги ва туман масъулларида.

Ўринли савол туғилади: нега сувли ердан ер участкасининг белгиланган қонунчилик нормаларига зид тарзда ажратиб, қарорни имзолаган туман ҳокими ва ҳужжатни тайёрлаган масъулларга ҳеч қачон чора кўрилмайди? Қачонгача масъулларнинг масъулиятсизлигидан оддий фуқаро жабр чекиши керак?

Аслида, ҳаммага мана шу саволларнинг жавоби қизиқ эди. Х.Донаеванинг онасининг номида қанақа турар жой борлиги эмас…
Таассуфки, бизда доим ҳолвани ҳоким, калтакни етим еб келган…

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назари билан мос келмаслиги мумкин

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сариосиёда аёл нега қўлига болта олди? (видео)