15:05 / 24.03.2020
5 331

Чегаралар ёпилгач, Ўзбекистонда қолиб кетган россиялик қиз ҳикояси

Чегаралар ёпилгач, Ўзбекистонда қолиб кетган россиялик қиз ҳикояси
Ўзбекистон 16 мартдан бошлаб бошқа давлатлар билан барча авиарейсларни бекор қилди, мамлакатга автотранспортда кириш-чиқиш йўллари ҳам ёпилди. Россияга парвозлар фақатгина чартер рейслар орқали амалга оширилмоқда. Мамлакатда қолиб кетган россияликлар қаттиқ карантин, элчихона сусткашлиги ва режалаштирилмаган чиқимларга дуч келяпти.

Саёҳатчилар ўзга юртда фавқулодда ҳолат режимида яшамоқда: кўчага фақат озиқ-овқат учун чиқиш мумкин, меҳмонхона ва ижрачилар исталган вақтда уларни кўчага чиқариб юбора олади. TJournal россиялик саёҳатчининг Ўзбекистонда дуч келган қийинчиликлари ҳақида ёзди.

16 март куни тўрт нафар дўстимиз билан дам олиш учун Ўзбекистонга келдик — бизнинг самолётимиз мамлакатга кирган сўнгги рейс бўлиб қолди. Бундан бир кун олдин Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш бўйича биринчи ҳолат қайд этилгани ҳақида хабар топгандик. S7 авиакомпанияси вакиллари учсак бўладими деб сўраганимизда, улар ‘Режага кўра учамиз, ҳеч қандай муаммо бўлмайди’, дейишди.

Самарқандга қўнганимиздан сўнг, бизга авиакомпания ортга қайтувчи рейсни бекор қилгани, чипта пули эса 30 кун ичида қайтарилиши ҳақида ёзилган хабар келди. Биз Россия элчихонаси билан боғланиб, юртимизга қайтиш учун анкеталарни юбордик, аммо улар ҳеч қандай ёрдам беролмасликларини билдирди. Бир ярим соат ичида боғланишга муваффақ бўлган авиакомпания вакиллари ҳам худди шу жавобни қайтарди. Ўзбекистондаги элчихонанинг айтишича, улар фақатгина чартер рейслар ҳақида хабар беради, шу сабабли уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб боришимиз керак экан. Россияга қачон қайта олишимиз мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейишмади.

20 март куни яна бир бор элчихонага қўнғироқ қилиб, қаерда яшашимиз кераклигини сўрадик — ижарага олган квартирамиз муддати тугаётган эди. Улар ‘қариндош ёки дўстларникида яшаб туриш’ни маслаҳат берди. Ажойиб жавоб, ахир ҳар кимнинг исталган давлатда беш нафар меҳмонни белгиланмаган муддатга кутиб оладиган қариндошлари ёки дўстлари бор.

Шаҳарда ҳеч қандай ваҳима бўлмаса-да, сотувчилар ва кўплаб маҳаллий аҳоли ниқобларда юрар, суҳбатлар фақат коронавирус ҳақида эди. Шаҳарда муҳит тинч бўлишига ва қариндошлар қўллаб-қувватлови борлигига қарамай, сафар максимал даражада ёқимсиз бўлди. Элчихона ва авиакомпаниядагилар тўғридан-тўғри бизнинг кераксиз эканлигимизни ва ҳеч қандай ёрдам кутиш керак эмаслигини маълум қилди. Интернетдан фойдалана олмайдиган кексалар бу каби вазиятдан қандай чиққан бўлиши мумкинлигини ўйлашнинг ўзи қўрқинчли.

Чегаралар ёпилганидан сўнг, барча рейслар фақат Тошкентдан учаётгани вазиятни мураккаблаштирди — Самарқанддан пойтахтгача тўрт соатлик йўл. Самолётда бўш жой борлиги тўғрисида маълумот эса парвоздан икки соат олдин пайдо бўлади. Тошкентга келишга ва рейсларни шу ердан кузатишга мажбур бўлдик.

Uzbekistan Airways’нинг чартер рейслари орқали Москвага қайтдик — авиакомпания аввалига рейси бекор қилинган йўловчиларни рўйхатдан ўтказди, шундан кейингина бўш ўринлар сотилди. Биз самолётда қолган охирги беш ўринни сотиб олдик — ҳар бир чипта 30 минг рублдан сотилди, бу икки томонга қатнаш учун сотилган чипталардан ҳам қимматроқ.

Uzbekistan Airways’дан ташқари ‘Аэрофлот’ билан ҳам учиш мумкин эди. Икки марта қўнишни амалга ошириш орқали икки кун давом этадиган парвоз учун чипта нархи 83 минг рублни, тўғридан-тўғри рейсдаги бизнес-класс учун чипта эса 159 минг рублни ташкил этди.

Ўзбекистонда пулсиз қолганлар нима қилиши керак — билмадим. Элчихона эвакуация учун махсус бортлар ҳақида гапираётган бўлса-да, бироқ аслида ҳар бир йўловчи чипталарни ўзи сотиб олмоқда, элчихона ҳеч қандай ёрдам кўрсатгани йўқ.

21 март куни уйга қайтиб келдик. Самолётда кимёвий ҳимояланган костюм кийиб олган стюардесса бизга анкеталар тарқатди, Москва аэропортида эса тепловизорлар билан тана ҳароратимизни ўлчашди. Энди икки ҳафта уй карантинида ўтиришимиз керак.

Даша, Россия
[right][/right]

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чегаралар ёпилгач, Ўзбекистонда қолиб кетган россиялик қиз ҳикояси