Ўзбекистон элчихонаси Саудия Арабистонига бораётган фуқароларни огоҳлантирди

Ўзбекистон элчихонаси Саудия Арабистонига бораётган фуқароларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси мамлакат фуқароларини авиқатновлар жадвалидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олишга ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этишга чақирди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, минтақада сақланиб қолаётган кескинлик ва ҳаво қатновларидаги даврий ўзгаришлар хорижга сафарларни режалаштиришда алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис фуқароларга авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидаларидаги эҳтимолий ўзгаришларни олдиндан текшириш тавсия қилинган.

Элчихона маълумотига кўра, Саудия Арабистонида ички вазият барқарор бўлиб, жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмаган. Бироқ минтақадаги умумий вазият парвозлар логистикасига таъсир кўрсатиши мумкин. Жумладан, рейслар кечикиши, йўловчиларнинг бошқа рейсга ўтказилиши ёки парвоз йўналишининг ўзгариши эҳтимоли бор.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларига Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик, маҳаллий ҳокимият органларининг хавфсизлик бўйича кўрсатмаларига амал қилиш тавсия этилган. Ҳарбий объектлар ва турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслик ҳамда расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш лозим.

Фуқаролардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ёнида олиб юриш ва зарурат туғилганда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиш сўралган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар